1 Шоҳлар 31:1-13 UZV2013 - Bible AI

1Филистлар эса шу пайтда Исроил лашкари билан жанг қилишаётган эди. Исроил лашкари Филистларнинг олдига тушиб қочиб, кўплари Гилбова тоғида [1] ҳалок бўлди.

2Энди Филистлар Шоул билан унинг ўғиллари ортидан тушдилар. Натижада Шоулнинг ўғиллари Йўнатан, Абунадов ва Малкишува ўлдирилди.

3Шоулнинг атрофида жанг тобора авжига чиқди. Шу пайт Филист камончилари Шоулга қарата ўқ отдилар. Шоул оғир яраланди.

4У қуролбардорига:

4— Қиличингни суғургин–да, менга санч, токи анави суннатсизлар келиб, менга қилич солиб, хўрламасинлар, — деди. Лекин қуролбардори қўрқди, Шоулнинг айтганини қилмади. Шунда Шоул қиличини қинидан суғуриб, ўзини қилич устига ташлади.

5Қуролбардори ҳам Шоулнинг ҳалок бўлганини кўриб, ўзини қиличи устига ташлаб, Шоул билан бирга ўлди.

6Шундай қилиб, Шоул, унинг учала ўғли, қуролбардори ва ҳамма сипоҳлари бир кундаёқ ҳалок бўлишди.

7Йизрил водийсининг [2] нарёғида ва Иордан дарёсининг шарқ томонида яшайдиган Исроил халқи ўз сипоҳларининг қочганини, Шоул билан ўғиллари ўлганини кўришдию, шаҳарларини ташлаб қочишди. Филистлар бу шаҳарларга келиб ўрнашиб олишди.

8Эртаси куни Филистлар ҳалок бўлганларни талон–тарож қилгани жанг майдонига келишди. Бирдан улар Гилбова тоғида Шоул билан учала ўғлининг жасади ётганини кўриб қолишди.

9Улар Шоулнинг бошини кесиб, қуролларини олишди. Филистлар босиб олган ерларига хабарчилар йўллаб, бу хушхабарни бутхоналарига, халққа эшиттиришди.

10Шоулнинг қурол–аслаҳасини Аштарет [3] уйига қўйишди, жасадини эса Байт–Шан шаҳрининг деворига қоқиб қўйишди.

11Гиладдаги Ёбош [4] аҳолиси Филистларнинг Шоулни қандай аҳволга солганини эшитиб қолишди.

12Шунда ҳамма жасур йигитлар тун бўйи юриб, Байт–Шанга боришди. Шоул билан ўғилларининг жасадларини Байт–Шан деворидан олиб, Ёбошга олиб боришди ва у ерда куйдиришди.

13Суякларини йиғиштириб, Ёбошдаги тамариск дарахти [5] тагига дафн қилгач, етти кун рўза тутишди [6].

le>