1 Шоҳлар 4:1-22 UZV2013 - Bible AI

1Бутун Исроилда Шомуилнинг сўзи вожиб эди. Шу орада [1] Филистлар уруш бошлаган эди, Исроил лашкари уларга қарши отланди. Исроил лашкари Эванзор деган жойда, Филистлар эса Офоқ шаҳрида [2] қароргоҳ қурдилар.

2Филистлар Исроил лашкарига қарши саф тортдилар. Жанг бошланди, Филистлар Исроил лашкарини мағлуб қилдилар. Жанг майдонида тўрт мингга яқин Исроил сипоҳлари нобуд бўлди.

3Лашкар қароргоҳга қайтгач, Исроил оқсоқоллари шундай дедилар:

3— Нима учун бугун Эгамиз бизни Филистларга мағлуб қилиб берди? Эгамизнинг аҳд сандиғини Шилўдан бу ерга олиб келайлик. Аҳд сандиғи бизнинг орамизда борсин, токи бизни ғанимларимизнинг қўлидан қутқарсин.

4Оқсоқоллар икки каруб орасида тахт қурган Сарвари Оламнинг аҳд сандиғини Шилўдан олиб келиш учун одамларни юбордилар. Элахнинг иккала ўғли — Хўфнах билан Финхаз ҳам жанг бўлаётган жойга Худонинг аҳд сандиғини олиб келиш учун ёрдамлашдилар.

5Эгамизнинг аҳд сандиғини қароргоҳга олиб келишганда, ҳамма Исроил халқи шундай баланд овоз билан бақиришдики, ҳатто ер турган жойидан қўзғалиб кетди.

6Филистлар шовқин–суронни эшитиб:

6Ибронийлар қароргоҳида нега бунчалик қаттиқ бақир–чақир бўляпти экан? — дейишди. Кейин Эгамизнинг сандиғини қароргоҳга олиб келганларини билиб,

7қўрқиб кетишди:

7— Худолари қароргоҳга келибди, энди шўримиз қурийди! Бунақасини ҳеч қачон эшитмагандик!

8Оҳ, шўримиз қурсин! Бундай қудратли худоларнинг [3] қўлидан ким бизни халос қилади? Саҳрода Мисрликларни ҳар балога гирифтор қилган худолар ўшалар–ку!

9Дадил бўлинг, эй, Филистлар! Мард бўлинглар! Акс ҳолда ибронийлар сизларга қандай бўйсунган бўлсалар, сизлар ҳам уларга шундай бўйсуниб қоласизлар. Шунинг учун мардона курашиб, жанг қилинглар!

10Шундан сўнг Филистлар қаттиқ ҳужум қилиб, Исроил лашкарини мағлуб этдилар. Исроил лашкарининг бари уйларига қочиб қолди. Исроил лашкари шунчалик катта талафот кўрдиларки, улар ўттиз минг пиёда сипоҳидан айрилди.

11Худонинг сандиғи ҳам қўлдан кетди, Элахнинг иккала ўғли — Хўфнах билан Финхаз эса ҳалок бўлди.

12Беняминлик бир одам жанг майдонидан қочиб, ўша куниёқ Шилўга [4] етиб келди. У қайғудан кийимларини йиртган, бошига тупроқ сочган эди.

13Ўша одам Шилўга етиб келганда, Элах Худонинг сандиғига бирор нарса бўлишидан хавотирланиб, йўл ёқасида курсида кутиб ўтирган эди. Ҳалиги одам шаҳарга кириб, бўлиб ўтган воқеаларни айтиб берган эди, бутун шаҳар аҳли дод–фарёд кўтарди.

14Элах шовқин–суронни эшитиб:

14— Нимага бунчалик шовқин? — деб сўради. Ўша одам, бўлган воқеадан Элахни хабардор қилиб қўяй, деб дарров унинг ёнига келди.

15Ўша пайтда Элах тўқсон саккиз ёшда бўлиб, кўзлари хиралашган, яхши кўра олмасди.

16Ҳалиги киши Элахга: — Нима бўлди, ўғлим? — деб сўради Элах.

16— Мен жанг майдонидан келяпман, у ердан бугун қочиб келдим, — деди.

17Хабар келтирган одам шундай деди:

17— Исроил лашкари Филистларнинг олдига тушиб қочди. Лашкар катта талафот кўрди. Иккала ўғлингиз — Хўфнах билан Финхаз ҳам ҳалок бўлди. Худонинг сандиғи эса қўлдан кетди.

18Элах ҳали ҳам дарвоза ёнидаги курсида ўтирар эди. Хабарчи, Худонинг сандиғини Филистлар тортиб олди, деб айтиши билан Элах курсидан орқаси билан йиқилди. Кексалиги ва семизлигидан бўйни синиб, ўша заҳоти жон берди. У Исроилда қирқ йил ҳакамлик қилган эди.

19Элахнинг келини — Финхазнинг хотини ҳомиладор бўлиб, яқин орада кўзи ёриши керак эди. “Худонинг сандиғи қўлдан кетди, қайнатанг ва эринг ўлди”, деган хабарни эшитиши биланоқ уни тўлғоқ тутиб қолди. У ерга чўнқайиб ўтириб, туғиб қўйди.

20Доя хотинлар унга ўлими олдидан:

20— Қўрқма, ўғил туғдинг, — дедилар. Лекин у эътибор бермади, бирор сўз ҳам айтмади.

21Худонинг сандиғи қўлдан кетган, қайнатаси билан эри ўлгани учун у:

21— Исроилдан улуғворлик кетди, — дея чақалоққа Ихабод [5] деб исм қўйди.

22Кейин у яна:

22— Худонинг сандиғи қўлдан кетди, Исроилдан улуғворлик кетди, — деди.

e>