1 Шоҳлар 7:1-17 UZV2013 - Bible AI

1Шундан кейин Хират–Ёрим аҳолиси бориб, Эгамизнинг сандиғини олди. Уни Абунадовнинг тепаликдаги уйига олиб келишди. Эгамизнинг сандиғини авайлаб сақласин, деб Абунадовнинг ўғли Элазарни шу вазифага тайинлаб, поклашди.

2Сандиқ узоқ вақт — йигирма йилча Хират–Ёримда қолиб кетди. Бу орада бутун Исроил халқи Эгамизга талпинди.

3Шомуил жамики Исроил халқига деди: — Агар чин дилдан Эгамизга қайтмоқчи бўлсангиз, ҳамма бегона худоларни ва Аштарет тасвирларини орангиздан йўқотинг. Кўнглингизни Эгамизга бериб, ёлғиз Унга хизмат қилинг. Ана шунда Эгамиз сизларни Филистларнинг қўлидан қутқаради.

4Исроил халқи Баал ва Аштарет тасвирларини йўқ қилиб, фақат Эгамизга хизмат қила бошлашди.

5Ўшанда Шомуил: — Бутун Исроил халқи Миспахда [1] тўплансин, мен у ерда Исроил халқи учун Эгамизга илтижо қиламан, — деди.

6Миспахда тўпланган Исроил халқи қудуқдан сув тортиб, Эгамизга назр қилиб тўкишди. “Эгамиз олдида гуноҳ қилдик”, деб ўша куни рўза тутишди. Шомуил Миспахда Исроил халқига ҳакамлик қила бошлади.

7Филистлар Исроил халқининг Миспахда тўпланганини эшитиб қолишди. Филист беклари, Исроил халқи билан уришамиз, деб отланишди. Исроил халқи буни эшитиб, Филистлардан қўрқиб кетишди.

8Улар Шомуилга:

8— Биз учун Эгамиз Худога тинимсиз илтижо қилинг, токи У бизни Филистларнинг қўлидан қутқарсин, — дейишди.

9Шу боисдан Шомуил бир эмадиган қўзичоқ олиб, Эгамизга куйдириладиган қурбонлик қилди. Сўнг Исроил халқи учун Эгамизга нолаю фарёд билан илтижо қилди. Эгамиз унинг илтижосини эшитди.

10Шомуил куйдириладиган қурбонликни адо этаётган эди, Филистлар Исроил лашкарига ҳужум қилмоқчи бўлиб яқин келдилар. Аммо ўша заҳоти Эгамиз ваҳимали овоз чиқариб, Филистларни шундай саросимага солдики, Исроил лашкари уларни мағлуб қилди.

11Исроил лашкари Миспахдан чиқиб, Филистларни Байт–Кор деган ернинг этагигача қувиб бориб ўлдирдилар.

12Шомуил бир тошни олиб, Миспах билан Яшоно орасига ўрнатди. “Эгамиз бизга бутун йўл бўйи ёрдам берди”, дея тошга Эванзор [2] деб ном берди.

13Мағлуб бўлган Филистлар Исроил ҳудудига қайтиб ҳужум қилишмади. Шомуил ҳаётлигида Исроил халқи Филистларга ҳужум қилганда, Эгамиз мадад бериб турди.

14Эхрондан Гатга қадар Филистлар қўлга киритган шаҳарларнинг ҳаммасини Исроил халқи яна қайтариб олди. Шундай қилиб, Исроил халқининг ҳамма ерлари Филистлардан озод бўлди. Исроил халқи билан Амор халқлари [3] орасида сулҳ тузилди.

15Шомуил умр бўйи Исроилга ҳакамлик қилди.

16У ҳар йили Байтил, Гилгал, Миспахни айланар, бу шаҳарларда туриб, Исроилни бошқарарди.

17Кейин Рама шаҳридаги уйига қайтар ва ўша ерда туриб Исроилга ҳакамлик қиларди. Шомуил Рамада Эгамизга атаб бир қурбонгоҳ қурдирди.

e>