2 Солномалар 1:1-17 UZV2013 - Bible AI

1Довуд ўғли Сулаймон ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаб олди. Эгаси Худо у билан бирга бўлиб, уни ниҳоятда юксалтирди.

2Сулаймон жамики Исроил халқини — мингбошиларни, юзбошиларни, ҳакамларни, Исроилнинг ҳамма йўлбошчиларини ва уруғбошиларини чақиртирди.

3Сулаймон билан бутун жамоа Гивондаги саждагоҳга йўл олишди. Эгамизнинг қули Мусо саҳрода қурдирган Худонинг Учрашув чодири ўша даврда Гивонда жойлашган эди.

4Худонинг аҳд сандиғи эса Довуднинг ташаббуси билан Хират–Ёримдан Қуддусга олиб келинган эди, чунки Довуд сандиқ учун Қуддусда бир жой тайёрлаб, чодир ўрнатиб қўйган эди.

5Базалил қурган бронза қурбонгоҳ эса ҳануз Гивондаги Эгамиз чодирининг қаршисида жойлашган эди. Базалил Урининг ўғли ва Хурнинг невараси эди. Сулаймон ва жамоа қурбонгоҳ олдида Эгамиздан Унинг хоҳиш–иродасини сўрадилар.

6Сўнг Сулаймон Эгамизнинг олдида Учрашув чодирининг қаршисидаги ўша бронза қурбонгоҳ устига чиқиб, мингта қурбонлик куйдирди.

7Ўша куни кечаси Худо Сулаймонга зоҳир бўлиб, унга: — Тила тилагингни! — деди.

8Сулаймон Худога айтди: — Сен отам Довудга улуғ севгингни кўрсатдинг. Мени унинг ўрнига шоҳ қилдинг.

9Эй Парвардигор Эгам! Отам Довудга берган ваъданг устидан чиқ. Ахир, Сен мени ернинг қумидай кўп бўлган бир халқ устидан шоҳ қилдинг.

10Бу халқни бошқара олишим учун, менга донолик ва илму маърифат бергин. Бўлмаса Сенинг шу қадар беҳисоб халқингга ким ҳукмронлик қила олар?!

11Худо Сулаймонга шундай жавоб берди: — Сен ўзинг учун мол–мулк, бойлик, шон–шуҳрат ёки душманларингнинг жонини сўрамадинг, ҳатто ўзингга узоқ умр ҳам тиламадинг. Аксинча, Мен сени устидан шоҳ қилган халқимни бошқарай деб, донолик ва илму маърифат сўраганинг учун

12донолик ва илму маърифат сенга ҳадя бўлсин. Буларга қўшимча қилиб сенга бойлик, мол–мулк ва шон–шуҳрат бераман, сенгача ўтган ва сендан кейин бўладиган ҳеч қайси шоҳ сенга тенг келмайди.

13Шундан кейин Сулаймон Гивондаги саждагоҳда жойлашган Учрашув чодиридан Қуддусга қайтиб кетди. У Исроил устидан ҳукмронлик қила бошлади.

14Сулаймон жанг аравалари ва отларни тўплади. Унинг 1.400 та жанг араваси ва 12.000 та оти бор эди. Сулаймон буларнинг бир қисмини жанг аравалари сақланадиган шаҳарларга ва бир қисмини Қуддусга — ўзининг ёнига жойлаштирди.

15Шоҳ Қуддусда кумушу олтинни оддий тош билан баравар қилиб қўйди. Садр ёғочлари эса кўплигидан Яҳудо қир этакларида ўсадиган оддий шикамора–анжир дарахтига тенглашиб қолди.

16Шоҳнинг савдогарлари Мисрдан ва Қувайдан Сулаймон учун отлар олиб келишарди. Улар отларни Қувайдан сотиб олишарди.

17Мисрдан келтирган ҳар бир жанг арава учун 600 кумуш танга, ҳар бир от учун 150 кумуш танга тўлашарди. Сўнг буларни барча Хет шоҳларига ва Орам шоҳларига сотишарди.

ticle>