2 Солномалар 14:1-15 UZV2013 - Bible AI

1Абиё оламдан ўтди. Уни Довуд қалъасида ота–боболари ёнига дафн қилдилар, унинг ўрнига ўғли Осо шоҳ бўлди. Унинг ҳукмронлиги даврида юртда ўн йил тинчлик, осойишталик бўлди.

2Осо Эгаси Худонинг олдида яхши ва тўғри ишлар қилди.

3У бегона худоларга аталган қурбонгоҳларни ва саждагоҳларни йўқотди, бутсимон тошларни парчалаб ташлади, Ашеранинг устунларини кесди.

4Осо Яҳудо халқига: “Ота–боболарингизнинг Худоси — Эгамизга юз буринг, Унинг қонун ва амрларига риоя қилинг”, деб фармон берди.

5У Яҳудонинг ҳамма шаҳарларидан саждагоҳларни ва тутатқи қурбонгоҳларини йўқотди. Унинг ҳукмронлиги даврида шоҳликда тинчлик, осойишталик бўлди.

6Юртда тинчлик ҳукмрон бўлган пайтда, Осо Яҳудодаги шаҳарларни мустаҳкамлади. Эгамиз унга осойишталик ато қилгани учун, ўша йиллари уруш бўлмади.

7У Яҳудо халқига айтди: “Келинглар, шаҳарларни деворлар билан ўрайлик, миноралар қурайлик, тамбаланадиган дарвозалар ўрнатиб, шаҳарларни мустаҳкамлайлик. Биз Эгамиз Худога итоат қилганимиз учун, бу юрт ҳали ҳам бизники. Худо бизга ҳар тарафдан осойишталик ато қилган.” Шундай қилиб, улар қурилиш қилдилар, ҳузур–ҳаловатга етишдилар.

8Осонинг Яҳудо қабиласидан 300.000 сипоҳи бўлиб, улар қалқон ва найзалар билан қуролланган эдилар. Бенямин қабиласидан эса 280.000 сипоҳи бўлиб, улар қалқон ва ёйлар билан қуролланган эдилар. Уларнинг ҳаммаси баҳодир жангчилар эди.

9Ҳабашистонлик Зерах беҳисоб лашкари ва 300 жанг араваси билан Яҳудо юртига ҳужум қилиб, Моришо шаҳригача бостириб борди.

10Осо унга қарши йўлга отланди. Иккала томон Моришо яқинидаги Зафито водийсида саф тортишди.

11Осо ўзининг Эгаси Худога илтижо қилди: “Эй Эгамиз! Ёлғиз Сенгина заифга кучли рақибини мағлуб қилишга ёрдам бера оласан. Эй Эгамиз Худо! Бизга ёрдам бер! Биз Сенга таянамиз. Сенинг номинг билан бу беҳисоб лашкарга қарши жангга отландик. Эй Эгамиз! Сен бизнинг Худойимизсан. Инсон зоти Сени мағлуб қилишига йўл қўйма!”

12Осо ва Яҳудо лашкари ҳужумни бошлагач, Эгамиз Ҳабашистонликларни мағлуб қилди. Ҳабашистонликлар қоча бошладилар.

13Осо билан лашкарлари уларни Гароргача қувиб бордилар. Ҳабашистонликларнинг бирортаси ҳам қочиб қутула олмади. Уларнинг ҳаммаси Эгамизнинг ва Унинг лашкари олдида қирилиб кетди. Яҳудо лашкари кўп миқдорда ўлжа олиб қайтди.

14Гарор атрофидаги шаҳарларда яшайдиган халқ юз берган воқеани эшитиб, Эгамиздан қўрқиб қолган эди. Шу сабабдан Яҳудо лашкарлари ўша шаҳарларнинг ҳаммасини мағлуб қилиб, талон–тарож қилдилар, у ердан мўл ўлжа олиб кетдилар.

15Улар чўпонларнинг чодирларига ҳам ҳужум қилиб, кўп миқдорда қўй, эчки, туяларни олдилар. Сўнгра Қуддусга қайтиб кетдилар.

rticle>