2 Солномалар 15:1-19 UZV2013 - Bible AI

1Одод ўғли Озариёни Худонинг Руҳи қамраб олди.

2Озариё Осонинг ҳузурига бориб деди: “Эй шоҳ Осо! эй Яҳудо ва Бенямин халқи! Гапимга қулоқ солинглар. Сизлар Эгамиз билан бўлар экансиз, У ҳам сизлар билан бирга бўлади. Агар сизлар Эгамизни изласангизлар, Уни топасизлар. Агар Уни тарк этсангизлар, У ҳам сизларни тарк этади.

3Исроил халқи узоқ вақт давомида ҳақиқий Худосиз яшади. Уларга таълим берадиган руҳоний йўқ эди, қонундан маҳрум эдилар.

4Лекин бошларига оғир кулфат тушганда, улар Исроил халқининг Худоси — Эгамизга қайтдилар, Уни изладилар, шунда топдилар.

5Ўша нотинч даврда йўлга чиқиш хатарли эди, чунки ҳамма жойда беҳаловатлик ва тартибсизлик ҳукмрон эди.

6Бир халқ иккинчисини яксон қиларди, бир шаҳар бошқасини вайрон этар эди, чунки Эгамиз уларни изтиробга солиб, беҳаловат қилиб қўйган эди.

7Лекин сизлар дадил бўлинглар! Тушкунликка тушманглар! Сизлар қилган ишларингиз учун мукофот оласизлар.”

8Осо Одод ўғли Озариёнинг айтган башоратини эшитгач, дадилланди. У Яҳудо ва Бенямин ерларидан, шунингдек, Эфрайим қирларида қўлга киритган шаҳарлардан макруҳ бутларни йўқ қилди. Маъбад ҳовлисидаги Эгамизнинг қурбонгоҳини тузатди.

9У Яҳудо ва Бенямин халқини, шунингдек, ораларида истиқомат қилаётган Эфрайим, Манаше ва Шимўн қабиласидан бўлган мусофирларни тўплади. Уларнинг кўпчилиги Осо ҳукмронлиги даврида Яҳудога кўчиб келган эдилар, чунки Эгаси Худо Осо билан бирга бўлганини кўрган эдилар.

10Улар Осо ҳукмронлигининг ўн бешинчи йили учинчи ойида Қуддусда тўпландилар.

11Ўша куни ўзлари олиб келган ўлжалардан етти юзта буқа ва етти мингта қўйни Эгамизга қурбонлик қилдилар.

12Сўнг ота–боболарининг Худоси — Эгамизга бутун қалби билан, жону дили билан интилишга аҳд қилдилар.

13Кимки Исроил халқининг Худоси — Эгамизга интилмаса, хоҳ ёш бўлсин, хоҳ қари, хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл, ўлдириладиган бўлди.

14Улар баланд овозда Эгамизга қасамёд қилдилар, ҳайқирдилар, карнай ва бурғулар чалдилар.

15Жамики Яҳудо халқи чин дилдан қасамёд қилгани учун хурсанд эди. Улар Эгамизни астойдил излаганлари учун, Уни топдилар. Эгамиз уларга ҳар тарафдан осойишталик ато қилди.

16Шоҳ Осонинг бувиси Махо Ашеранинг макруҳ тасвирини ясагани учун, Осо бувисини маликалик унвонидан маҳрум қилди. Сўнг бувиси ясаган тасвирни қўпориб ташлаб, парча–парча қилгандан кейин, Қидрон сойлигида ёқиб юборди.

17Осо Исроилдаги саждагоҳларни йўқ қилмаган бўлса ҳам, умр бўйи Эгамизга содиқ қолди.

18У Эгамизнинг уйига отаси Абиё Худога атаган ашёларни, шунингдек, ўзи атаб қўйган олтин ва кумуш ашёларни олиб келди.

19Осо шоҳлигининг ўттиз бешинчи йилига қадар уруш бўлмади.

rticle>