2 Солномалар 22:1-12 UZV2013 - Bible AI

1Араблар қилган босқинчилик сафари давомида Ёҳурамнинг кенжа ўғли Охазиёдан бошқа ҳамма катта ўғилларини қатл қилган эдилар. Шунинг учун Қуддус аҳолиси Охазиёни ўзларига шоҳ қилишди.

2Охазиё тахтга ўтирганда, йигирма икки ёшда эди. У Қуддусда бир йил шоҳлик қилди. Онасининг исми Оталиё бўлиб, Исроил шоҳи Омрининг невараси эди

3Охазиё ҳам Ахаб хонадони йўлидан юрди, чунки онаси унга қабиҳ ишлар қилишни маслаҳат берарди.

4Охазиё Ахаб наслига ўхшаб, Эгамиз олдида қабиҳликлар қилди. Отаси Ёҳурамнинг вафотидан кейин, шоҳ Ахаб хонадонининг бошқа аъзолари Охазиёнинг маслаҳатчилари бўлиб, уни ҳалокатга бошладилар.

5Охазиё уларнинг маслаҳатига кириб, Исроил шоҳи Ахаб ўғли Ёрам билан бирга Гиладдаги Рамўтга бориб, Орам шоҳи Хазайилга қарши уруш очди. Ёрам шу урушда ярадор бўлди.

6Шоҳ Ёрам ярасини даволатиш учун Йизрил шаҳрига қайтиб келган эди. Яҳудо шоҳи Охазиё эса яраланган Ёрамни кўргани Йизрилга борди.

7Худо Охазиёнинг бу ташрифини унинг ҳалокати учун ишлатди. Охазиё Ёрамникига етиб боргач, Ёрам билан биргаликда Нимши невараси Ёҳуни кутиб олгани чиқди. Ёҳуни Эгамиз Ахаб хонадонини қатл қилиш учун танлаган эди.

8Ёҳу Ахаб хонадони устидан чиқарилган ҳукмни ижро этаётган пайтида, Охозиё билан бирга келган Яҳудо аъёнларига ва Охазиёнинг жиянларига дуч келди. Уларнинг ҳаммасини битта қолдирмай қириб юборди.

9Сўнг Охазиёни қидира бошлади. Ёҳунинг одамлари Самарияда яшириниб юрган Охазиёни қўлга олдилар. Уни Ёҳунинг олдига олиб келиб ўлдирдилар. Аммо кейин дафн қилдилар, чунки улар: “Э–ҳа, бу Эгамизга чин юракдан интилган Ёҳушафатнинг невараси–ку!” деб айтган эдилар. Охазиё хонадонида шоҳлик қиладиган ҳеч бир кимса қолмади.

10Оталиё ўз ўғли шоҳ Охазиёнинг ўлдирилганини эшитгач, Яҳудода Охазиёнинг жамики уруғини қириб ташлашга киришди.

11Шоҳнинг ҳамма ўғилларини ўлдириш режалаштирилган эди. Шоҳ Ёҳурамнинг Ёҳушева деган қизи бор эди. Ёҳушева Охазиёнинг ўгай синглиси бўлиб, руҳоний Ёҳайидога турмушга чиққан эди. Ёҳушева Охазиёнинг ўғли Йўшни шоҳнинг ўғиллари орасидан билдирмасдан олиб қочди. Уни, энагаси билан бирга, Эгамизнинг уйидаги ётоқхонага яширди. Бола Оталиёдан яшириниб, тирик қолди.

12Оталиё юртни бошқарган пайтда, бола олти йил давомида Худонинг уйида улар билан бирга яшириниб юрди.

rticle>