2 Солномалар 25:1-28 UZV2013 - Bible AI

1Эмозиё тахтга ўтирган пайтда, йигирма беш ёшда эди. У Қуддусда йигирма тўққиз йил ҳукмронлик қилди. Онаси Қуддуслик бўлиб, исми Ёҳуваддон эди.

2Эмозиё Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди, аммо чин юракдан қилмаган эди.

3Эмозиё ўз шоҳлигини мустаҳкамлаб олгандан кейин, отасини ўлдирган аъёнларни йўқ қилди.

4Бироқ Мусонинг Тавротида ёзилганига кўра, қотилларнинг болаларини ўлдирмади, чунки Эгамиз: “Оталар фарзандлари гуноҳи учун ўлдирилмасин, фарзандлар оталари гуноҳи учун ўлдирилмасин, ҳар ким ўзининг гуноҳи учунгина жазолансин”, деб амр қилган эди.

5Эмозиё Яҳудо ва Бенямин қабилаларини уларнинг уруғларига кўра, ҳарбий қисмларга бўлди. Улар устидан мингбоши ва юзбошиларни тайинлади. Эмозиёнинг лашкари йигирма ва ундан юқори ёшдаги 300.000 сараланган жангчидан ташкил топган бўлиб, уларнинг ҳаммаси урушга яроқли, қилич ва қалқонни моҳирлик билан ишлата олар эди.

6Булардан ташқари, Эмозиё икки юз пуд кумушга Исроилдан 100.000 баҳодир жангчини ёллади.

7Лекин Худонинг бир одами Эмозиёнинг ҳузурига келиб, шу гапни айтди:

7— Эй шоҳ! Исроил лашкарлари сен билан бормасин, чунки Эгамиз улар билан эмас. Исроил халқига ёрдам беришдан У воз кечган.

8Сен жасорат билан жанг қилсанг ҳам, барибир Худо сени ғанимларинг олдида мағлуб қилади, чунки ёрдам берадиган ва мағлуб қиладиган Худодир.

9Эмозиё Худонинг одамидан сўради: — Исроил лашкари учун тўлаган икки юз пуд кумуш нима бўлади? — Худонинг одами: — Эгамиз бундан ҳам кўпроғини сенга беришга қодир, — дея жавоб берди.

10Шундан кейин Эмозиё Исроилдан келган лашкарга жавоб бериб, уларни уйларига қайтариб юборди. Улар Яҳудо халқидан қаттиқ ғазабланиб, жаҳл устида уйларига қайтиб кетдилар.

11Эмозиё жасорат кўрсатиб, лашкарини Туз водийсига бошлаб борди. У ерда Сеирликлардан 10.000 тасини ўлдирди.

12Яҳудо лашкари уларнинг яна 10.000 тасини тириклайин асирга олиб, Села чўққисидан пастга итариб юбордилар. Уларнинг ҳаммаси тошларга урилиб ҳалок бўлдилар.

13Шу орада Эмозиё орқага қайтариб юборган Исроил лашкари Самария билан Байт–Хўрон оралиғидаги Яҳудо шаҳарларига ҳужум қилди, улар 3000 кишини ўлдириб, кўп ўлжа олдилар.

14Эмозиё Эдомликларни мағлуб қилгандан кейин ўзи билан Эдомликларнинг худоларини олиб келди. Уларни ўзига худо қилиб ўрнатди, ўша худоларга сажда қилиб, қурбонликлар келтирди.

15Эгамиз бундан қаттиқ ғазабланиб, Эмозиёнинг ҳузурига пайғамбарини юборди. Пайғамбар унга шу сўзларини айтди:

15— Нимага сен бегона худоларга сажда қиляпсан? Бу худолар ўз халқини сенинг қўлингдан қутқара олмади–ку!

16— Қачондан бери сен шоҳнинг маслаҳатчиси бўлиб қолдинг?! — деб пайғамбарнинг гапини бўлди шоҳ. — Овозингни ўчир! Бўлмаса жонингни оламан. Пайғамбарнинг гапи оғзида қолди, бироқ у шоҳни шундай деб огоҳлантириб қўйди: — Сен шу ишни қилиб, менинг маслаҳатимга қулоқ солмаганинг учун Худо сени нобуд қилишга қарор қилганини биламан.

17Яҳудо шоҳи Эмозиё ўз аъёнлари билан маслаҳатлашиб, Исроил шоҳи Ёҳўшга шундай хабар жўнатди: — Қани, менга жанг майдонида рўбарў келиб кўр–чи. — Ёҳуш Ёҳухознинг ўғли, Ёҳунинг набираси эди.

18Исроил шоҳи Ёҳўш эса бунга жавобан Яҳудо шоҳи Эмозиёга шу хабарни жўнатди:

18Лубнондаги ғовтикан шу ердаги садр дарахтига, “қизингни ўғлимга хотинликка бер”, деб хабар йўллабди. Ўша пайтда Лубнондаги йиртқич ҳайвон ўша ердан ўтиб кетаётиб, ғовтиканни босиб янчиб кетибди.

19Шунга ўхшаб сен ҳам: “Кўриб қўй, Эдомни мағлуб қилдим”, деб мақтаниб, юрагинг киборликка тўлибди. Уйингда ўтиравер. Нима учун қитмирлик қиляпсан? Ўз бошингни ҳам, Яҳудо халқининг бошини ҳам балога гирифтор қиляпсан!

20Лекин Эмозиё қулоқ солмади. Бу Худонинг иши эди. Яҳудо халқи Эдомнинг худоларига сажда қилгани учун, Худо уларни душманнинг қўлига беришга қарор қилган эди.

21Шунинг учун Исроил шоҳи Ёҳўш Яҳудо шоҳи Эмозиё устига юриш қилди. Иккала томоннинг лашкари Яҳудонинг Байт–Шамаш шаҳрида рўбарў келди.

22Исроил лашкари Яҳудо лашкарини мағлуб этди. Яҳудо лашкарининг ҳаммаси уйларига қочиб кетди.

23Исроил шоҳи Ёҳўш Яҳудо шоҳи Эмозиёни Байт–Шамашда асир қилиб олди. Эмозиё Охазиёнинг невараси, Йўшнинг ўғли эди. Сўнг Ёҳўш Эмозиёни Қуддусга олиб борди. У ерда Қуддус деворининг Эфрайим дарвозасидан Бурчак дарвозасигача бўлган тўрт юз тирсак қисмини буздирди.

24Худонинг уйида Обидадомнинг насли қўриқлаган ҳамма олтин, кумуш ва ашёларни тортиб олди. Бунинг устига, сарой хазинасини ва асирларни олиб, Самарияга қайтиб кетди.

25Яҳудо шоҳи Эмозиё Исроил шоҳи Ёҳўшнинг ўлимидан кейин ўн беш йил яшади.

26Эмозиёнинг қолган фаолияти бошдан охиргача “Яҳудо ва Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.

27Эмозиё Эгамиздан юз ўгирган вақтда Қуддусда унга қарши фитна уюштирилди. Эмозиё бундан хабар топиб Лахиш шаҳрига қочди. Аммо душманлари Эмозиёнинг ортидан одам юбориб, уни ўша ерда ўлдиртирдилар.

28Эмозиёнинг жасадини отда Қуддусга олиб келдилар. У Довуд қалъасида ота–боболарининг ёнига дафн қилинди.

rticle>