2 Солномалар 28:1-27 UZV2013 - Bible AI

1Охоз йигирма ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда ўн олти йил ҳукмдорлик қилди. У бобоси Довуддан намуна олмади, Эгамизнинг олдида тўғри ишлар қилмай,

2Исроил шоҳларининг йўлидан кетди. У ҳатто Баалга сажда қилиш учун Баалнинг қуйма тасвирларини ясади.

3Хиннум сойлигида бутларга атаб қурбонликлар куйдирди. Канъон юртидан Эгамиз қувган қавмларнинг жирканч одатларига тақлид қилиб, ҳатто ўз ўғилларини оловда куйдириб қурбонлик қилди.

4Саждагоҳларда, дўнгликларда ва ҳар қандай яшил дарахт остида қурбонликлар келтириб, тутатқи тутатарди.

5Шоҳ Охоз гуноҳ қилгани учун Эгаси Худо уни Орам шоҳининг қўлига берди. Орам шоҳи Охозни мағлуб қилиб, халқидан жуда кўпчилигини асир қилиб Дамашққа олиб кетди. Бундан ташқари, Эгамиз шоҳ Охозни Исроил шоҳи қўлига берди. Исроил шоҳи Охоз бошига катта қирғин солиб, уни мағлуб қилди.

6Бир куннинг ўзида Исроил шоҳи — Рамалиё ўғли Пеках Яҳудо лашкарининг 120.000 баҳодир жангчисини ўлдирди. Бунга сабаб Яҳудо халқи ота–боболарининг Худоси — Эгамизни тарк этгани бўлди.

7Исроил халқидан бўлган баҳодир жангчи Зихри шоҳнинг ўғли Масиёни, сарой бошқарувчиси Озрикомни ва шоҳнинг ўнг қўл вазири Элқанани ўлдирди.

8Яҳудо халқи уларга қариндош бўлишига қарамай, Исроил лашкари улардан 200.000 аёл ва ўғил–қизларини асир қилиб, катта ўлжа билан бирга Самарияга олиб кетишди.

9Эгамизнинг Одод деган пайғамбари Самарияда эди. У қайтиб келган Исроил лашкарини қаршилаб чиқиб, уларга шундай деди: “Ота–боболарингизнинг Худоси — Эгамиз халқи Яҳудодан ғазаблангани учун уларни сизнинг қўлингизга топширди. Сизлар эса уларни шунчалик қаҳр устида қирдингизки, уларнинг садоси самоларга етди.

10Шуниси етмагандай, сизлар Яҳудо ва Қуддус халқининг эркагу аёлини ўзингизга қул қилмоқчи бўлдингиз. Ўзингизга бир қаранг, Эгангиз Худо олдида қилган қилмишларингизнинг ҳаммаси турган битгани гуноҳ.

11Энди гапимни эшитинг! Асир қилган бу қариндошларингизни орқага қайтариб юборинг. Акс ҳолда Эгамиз ўз ғазабини сизнинг устингизга сочади.”

12Исроил халқининг баъзи йўлбошчилари ҳам, чунончи Йўханон ўғли Озариё, Машилламўт ўғли Бархиё, Шаллум ўғли Ёхизқиё ва Ҳадлай ўғли Эмоса, урушдан қайтиб келганларга ўз норозилигини билдириб,

13дедилар: “Асирларни бу ерга олиб келманглар! Биз Эгамизга қарши гуноҳ қилиб, Унинг қаҳрини чиқариб бўлдик. Сизлар эса шусиз ҳам ортиб ётган гуноҳимиз устига яна гуноҳ орттирмоқчисизлар.”

14Шунда сипоҳлар Исроил аъёнлари ва бутун жамоа олдида асирларни озод қилиб, ўлжаларни топширдилар.

15Юқорида номлари айтилган тўртта йўлбошчи асирларнинг орасидаги яланғоч бўлганларнинг ҳаммасига ўлжа олинган нарсалардан уст–бош, оёқ кийим бердилар, едирдилар, ичирдилар, яраларига мой суртдилар. Кейин заифларини эшакларга миндириб, асирларнинг ҳаммасини Яҳудога қарашли пальма шаҳри — Eрихога олиб бордилар. Сўнг Самарияга қайтиб келдилар.

16Ўша пайтда шоҳ Охоз Оссурия шоҳидан ёрдам сўраб, ҳузурига одам жўнатди,

17чунки Эдомликлар яна Яҳудо юртига ҳужум қилиб, кўп асирларни олиб кетган эдилар.

18Шу орада Филистлар ҳам Яҳудо қир этакларидаги ҳамда Нагав чўлидаги шаҳарларга ҳужум қилиб, Байт–Шамаш, Ойжавлон ва Гадерўт шаҳарларини қўлга киритдилар, шунингдек, Сўхў, Тимнах ва Гимзо шаҳарларини ва бу шаҳарлар атрофидаги қишлоқларни қўлга олиб, ўша жойларга ўрнашиб олдилар.

19Шоҳ Охоз Яҳудо халқини гуноҳ қилишга ундаб, Эгамизга ҳаддан ташқари кўп хиёнат қилгани учун, Яҳудо халқини Эгамиз шу қадар таҳқирлаган эди.

20Оссурия шоҳи Тилгатпиласар келиб, Охозга ёрдам бериш ўрнига зулмни кучайтирди.

21Охоз Эгамизнинг уйидан, шоҳ саройидан ва аъёнларнинг уйидан қимматбаҳо нарсаларни олиб, Оссурия шоҳига ўлпон қилиб берди. Бироқ бу ҳам ёрдам бермади.

22Ҳаётининг энг қийин дамларида ҳам ўша шоҳ Охоз Эгамизга баттар хиёнат қилди.

23Уни мағлуб қилган Орам халқининг худоларига қурбонликлар келтирди. У ичида шундай дерди: “Орам шоҳларининг худолари уларга ёрдам берди, агар мен Орам худоларига қурбонлик келтирсам, улар менга ҳам ёрдам беришади.” Ваҳоланки, бу худолар шоҳ Охознинг ва унинг қўли остидаги бутун халқнинг ҳалокатига сабаб бўлди.

24Охоз Худонинг уйидаги ҳамма ашёларни йиғиштириб олиб, парчалади. Худонинг уйи эшикларини беркитиб, Қуддуснинг ҳар бурчагида қурбонгоҳлар қурдирди.

25Яҳудонинг ҳамма шаҳарларида бегона худоларга қурбонликлар куйдириш учун саждагоҳлар барпо қилиб, ота–боболарининг Худоси — Эгамизни ғазаблантирди.

26Охознинг бошқа ишлари ва тутган йўллари бошидан охиригача “Яҳудо ва Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.

27Охоз оламдан ўтиб, Қуддусда дафн қилинди. Лекин уни Исроил шоҳлари хилхонасига кўммадилар. Унинг ўрнига ўғли Ҳизқиё шоҳ бўлди.

rticle>