2 Солномалар 3:1-17 UZV2013 - Bible AI

1Сулаймоннинг отаси шоҳ Довуд Эгамизнинг уйи учун Қуддусда бир жой тайёрлаб қўйган эди. Бу жой Мориёх тоғида — Довудга Эгамиз зоҳир бўлган Ёбуслик Ўрнаннинг хирмонида эди. Сулаймон Худонинг уйини ўша ерда барпо қила бошлади.

2Қурилиш Сулаймон ҳукмронлигининг тўртинчи йили, иккинчи ойининг иккинчи кунида бошланган эди.

3Сулаймон Худонинг уйи учун пойдевор қўйди, пойдеворнинг узунлиги (қадимги ўлчов бирлигига асосан) 60 тирсак, эни 20 тирсак эди.

4Уйнинг асосий хонаси олдида айвон бўлиб, айвоннинг узунлиги асосий хонанинг эни билан бир ўлчовда — 20 тирсак, баландлиги 120 тирсак эди. Сулаймон айвоннинг ичини тоза олтин билан қоплатди.

5Асосий хонанинг деворларини олдин сарв тахтаси билан қоплатиб, устидан тоза олтинни қоплатди, сўнг хурмо дарахти ва занжирлар шаклларини ўйдириб солдирди.

6Уйни қимматбаҳо тошлар билан безаттирди. Парвайимдан келтирилган олтин билан

7уйнинг тўсинларини, остоналарини, деворларини ва эшикларини қоплатди. Деворларга карублар суратини ўйдирди.

8Сулаймон Энг муқаддас хонани ҳам қурдирди. Бу хонанинг узунлиги асосий хонанинг эни билан бир ўлчовда — 20 тирсак, эни ҳам 20 тирсак эди. Сулаймон бу хонани 200 пуд тоза олтин билан қоплатди.

9Ишлатилган олтин михларнинг умумий оғирлиги 125 мисқол эди. Юқори хоналарнинг деворлари ҳам олтин билан қопланди.

10Сўнг Сулаймон иккита каруб шаклини ясаттирди. Уларни олтин билан қоплатиб, Энг муқаддас хонага ўрнаштирди.

11[11-13] Карублар ёнма–ён, кираверишга қаратиб қўйилган эди. Ҳар бирининг иккитадан қаноти бўлиб, ҳар бир қанотининг узунлиги беш тирсак эди. Қанотлар ёйилган ҳолда ясалган бўлиб, карубларнинг бир қаноти деворга тегиб турар эди. Иккинчи қаноти эса хонанинг марказида бошқа карубнинг қанотига тегиб турар эди. Иккала карубнинг ёйилган қанотлари жами 20 тирсакни ташкил қилар эди.

14Сулаймон кўк, сафсар, қизил матолардан ва майин зиғир матосидан ички парда қилдириб, парданинг устига карублар суратини солдирди.

15Сулаймон 35 тирсак баландликдаги икки устун ясаттириб, уларни Эгамиз уйининг олд томонига ўрнатди. Ҳар бир устун тепасида устунқош бўлиб, устунқошнинг баландлиги 5 тирсак эди.

16Устунқошлар тўқилган занжирлар ва юзта анор сурати билан безатилган эди.

17Устунлар уйнинг олдига — биттаси ўнг томонга, иккинчиси чап томонга ўрнатилган эди. Ўнг томондаги устунга Ёхин деб, чап томондагисига Бўаз деб ном берилди.

ticle>