2 Солномалар 30:1-27 UZV2013 - Bible AI

1Ҳизқиё бутун Исроил ва Яҳудо халқига хабар жўнатди, Эфрайим ҳамда Манаше қабилаларига ҳам мактуб ёзиб, уларни Исроил халқининг Худоси — Эгамизга атаб Фисиҳ зиёфатини нишонлаш учун Эгамизнинг Қуддусдаги уйига таклиф қилди.

2Шоҳ, аъёнлар ҳамда Қуддусдаги жамоа Фисиҳ зиёфатини иккинчи ойда нишонлашга қарор қилган эдилар.

3Улар Фисиҳ зиёфатини ўз вақтида — биринчи ойда нишонлай олмаган эдилар. Бунга сабаб покланган руҳонийларнинг сони етарли бўлмагани ва одамларнинг кўпчилиги Қуддусга йиғилмагани бўлди.

4Фисиҳ зиёфати тўғрисидаги бу қарор шоҳга ҳам, жамоага ҳам тўғридай туюлди.

5Улар жанубдаги Бэршэвадан тортиб то шимолдаги Дан шаҳригача бўлган Исроил ҳудудларида истиқомат қилган ҳаммани Исроил халқининг Худоси — Эгамизга атаб Фисиҳ зиёфатини нишонлаш учун Қуддусга таклиф қилдилар. Негаки бу зиёфат анча вақтдан бери, қонунда кўрсатилгандай бутун халқ томонидан нишонланмаган эди.

6Чопарлар шоҳ ва унинг аъёнлари номидан ёзилган мактубни бутун Исроил ва Яҳудо халқларига етказдилар. Мактубда қуйидагилар битилган эди:
“Эй Оссурия босқинчилигидан омон қолган Исроил халқи! Иброҳимнинг, Исҳоқнинг ва Ёқубнинг Худоси — Эгамизга қайтинглар, шунда У ҳам сизга қайтади.

7Эгаси Худога хиёнат қилган ота–боболарингизга ва Исроиллик қариндошларингизга ўхшаманглар. Ўзингиз кўриб турганингиздай Худо уларни қаттиқ жазолади.

8Ота–боболарингиз сингари қайсар бўлманглар, Эгамизга бўйсунинглар, Унинг Маъбадига келинглар. Эгамиз Маъбадни абадий муқаддас қилган. Эгангиз Худога сажда қилинглар, ана шунда у ғазабидан тушади.

9Агар Эгамизга қайтсангиз қариндошу бола–чақаларингизни асир қилган босқинчилар уларга раҳм қиладилар, уйларига қайтиб келишларига йўл қўядилар. Зотан Эгангиз Худо иноятли ва раҳмдилдир, Унга қайтсангиз У сиздан юзини ўгирмайди.”

10Шундай қилиб, чопарлар то шимолдаги Забулун ҳудудигача бўлган Эфрайим ва Манаше ҳудудларидаги ҳамма шаҳарларга кириб чиқдилар. Лекин одамлар уларнинг устидан заҳархандалик билан кулиб, масхара қилдилар.

11Фақат Ошер, Манаше ва Забулун қабиласидан баъзилари итоат этиб, Қуддусга келдилар.

12Яҳудо халқини эса Худо бирлаштириб, уларга шоҳ ва аъёнларнинг кўрсатмасини бажаришга хоҳиш берган эди. Бу кўрсатма Худонинг амрига асосланган эди.

13Иккинчи ойда Хамиртурушсиз нон байрамини нишонлаш учун жуда кўп халқ Қуддусга йиғилди.

14Улар Қуддусдаги ҳамма бегона қурбонгоҳларни ва ҳамма тутатқи қурбонгоҳларини қўпориб, Қидрон сойлигига улоқтириб ташладилар.

15Иккинчи ойнинг ўн тўртинчи куни эса Фисиҳ қўзиларини сўйдилар. Ўзларини покламаган руҳонийлар ва левилар уятли аҳволда қолганидан покланиш маросимини адо этиб, куйдириладиган қурбонликларини Эгамизнинг уйига олиб келдилар.

16Сўнг улар Худонинг одами Мусонинг қонунига мувофиқ Маъбадда ўз жойларини эгалладилар. Руҳонийлар левиларнинг қўлидан қурбонлик қонини олиб, қурбонгоҳга сепдилар.

17Халқдан кўпчилиги ўзларини покламагани учун, Фисиҳ қўзисини қурбон қила олмадилар. Бундай одамларнинг Фисиҳ қўзисини сўйиш ва Эгамизга аташ вазифасини левиларнинг ўзлари бажардилар.

18Эфрайим, Манаше, Иссахор ва Забулун қабиласидан келганларнинг аксарияти ўзларини покламаган бўлсаларда, Худонинг қонунига зид равишда Фисиҳ таомидан тановул қилдилар. Лекин Ҳизқиё улар учун қуйидагича ибодат қилди: “Эй Эгам, мурувватинг ила бу бандаларингни кечир.

19Улар покланиш маросимини адо этмаган бўлсаларда, ота–боболарининг Худоси — Эгамизга чин юракдан сажда қилишга қарор этганлар.”

20Ҳизқиёнинг ибодатини Эгамиз эшитиб, халқни кечирди, уларга зарар етказмади.

21Қуддусда тўпланган халқ катта хурсандчилик билан етти кун Хамиртурушсиз нон байрамини нишонлади. Левилар ва руҳонийлар ҳар куни созларнинг баланд куйлари жўрлигида Эгамизни мадҳ қилдилар.

22Ҳизқиё Эгамизга хизмат қилишда моҳирлик кўрсатган ҳамма левиларни руҳлантирди. Хуллас, халқ тинчлик назрларини қурбон қилди, ота–боболарининг Худоси — Эгамизга шукроналар айтиб, етти кун байрам таомини тановул қилди.

23Бутун жамоа байрамни яна етти кун нишонлашга қарор қилди. Шундай қилиб, улар яна етти кун хурсандчилик билан байрам қилдилар.

24Яҳудо шоҳи Ҳизқиё жамоага қурбонлик қилиш учун 1.000 та буқа ва 7.000 та қўй берди. Шоҳ аъёнлари эса 1.000 та буқа ва 10.000 та қўй бердилар. Жуда кўп руҳонийлар ўзларини покладилар.

25Яҳудо халқи, руҳонийлар, левилар, Исроил халқи, Исроил ва Яҳудода истиқомат қилаётган мусофирлар ўзларида йўқ хурсанд эдилар.

26Қуддусда катта хурсандчилик ҳукм сурарди. Исроил шоҳи Довуд ўғли Сулаймон замонидан бери Қуддусда бундай воқеа юз бермаган эди.

27Сўнгра руҳонийлар ва левилар туриб, халқни дуо қилдилар. Уларнинг ибодати Худонинг самодаги муқаддас маконига етиб, ижобат бўлди.

rticle>