2 Солномалар 32:1-33 UZV2013 - Bible AI

1Шоҳ Ҳизқиё садоқат билан бажарган бу ишларидан кейин, Оссурия шоҳи Санхарив Яҳудога бостириб келди. У мустаҳкам шаҳарларни эгаллаб олиш мақсадида уларни қамал қилди.

2Санхарив Қуддусга жанг қилмоқчи бўлганини Ҳизқиё кўргач,

3лашкарбошилари ва жангчиларига маслаҳат солди. Улар шаҳар ташқарисидаги булоқлар оқимини тўхтатишга қарор қилдилар.

4Кўп сонли халойқ тўпланиб: “Нимага энди Оссурия шоҳлари келиб, мўл–кўл сувга эга бўлар экан”, дея ҳамма булоқларни ва ҳудуддан оқиб ўтган ирмоқни тўхтатишди.

5Ҳизқиё қатъият билан ишга киришиб, бузилган деворни қурдирди, девор устига минора ўрнатди. Шаҳар деворининг ташқарисидан яна бир девор кўтартирди. Шунингдек, Довуд қалъасининг шарқидаги тўлдирилган пастлик устидаги истеҳкомларни тузаттирди, кўплаб қурол–аслаҳа ва қалқонлар ясаттирди.

6Шаҳардаги ҳамма эркаклар устидан лашкарбошилар тайинлаб, уларни шаҳар дарвозаси олдидаги майдонга тўплади. Ҳаммаларига далда бериб, шундай деди:

7“Дадил ва ботир бўлинглар, қўрқманглар. Оссурия шоҳи ва унинг тўдалари олдида ваҳимага тушманглар, чунки буюк куч биз томонда, улар томонда эмас.

8Улар томонда инсоний қудрат бўлса, биз томонда Эгамиз Худодир. У бизга ёрдам беради, биз учун жанг қилади.” Яҳудо шоҳи Ҳизқиёнинг сўзларидан халқ руҳланиб кетди.

9Оссурия шоҳи Санхарив жамики лашкари билан Лахиш шаҳрини қамал қилган пайтда, ўз аъёнларини Қуддусга — Яҳудо шоҳи Ҳизқиё ва Қуддус аҳолиси олдига қуйидаги хабар билан жўнатди:

10“Оссурия шоҳи Санхарив шундай демоқда: — Сизлар ўзи нимангизга ишоняпсизлар, қамалда қолган Қуддусда ҳануз ўтирибсизлар?

11Оссурия шоҳи қўлидан Эгамиз Худо бизни қутқаради, деб Ҳизқиё сизларни алдамасин. У сизларни очлигу ташналикдан ҳалок қилмоқчи!

12Эгангизнинг саждагоҳларини ва қурбонгоҳларини йўқ қилган Ҳизқиёнинг ўзи эмасми?! У Яҳудо халқи ва Қуддусликларга: “Фақат битта қурбонгоҳ олдида сажда қилинглар, ёлғиз ўшанинг устида қурбонликлар келтиринглар”, деб айтган.

13Наҳотки мен ва оталарим бошқа юртларнинг халқларига нималар қилганини билмасангиз?! Ўша халқларнинг худолари қани?! Бирортаси ўз юртини менинг қўлимдан қутқара олдими?!

14Менинг ота–боболарим ер юзидан супуриб ташлаган қайси бир халқнинг худоси ўз юртини менинг қўлимдан қутқара олибдики, Худойингиз сизни қутқара олса?!

15Энди Ҳизқиёнинг алдовларига учманглар, у сизларни йўлдан урмасин. Унга ишонманглар, бирор халқнинг ёки шоҳликнинг худоси ўз халқини менинг қўлимдан ёки оталаримнинг қўлидан қутқара олмаган. Худойингиз ким бўлибдики, сизларни менинг қўлимдан қутқара олса.”

16Санхаривнинг аъёнлари гапида давом этиб, Парвардигор Эгамиз ва Унинг қули Ҳизқиёни ҳақоратладилар.

17Шоҳ Санхарив ёзган мактубида ҳам Исроил халқининг Худоси — Эгамизни таҳқирлаб, Уни шундай сўзлар билан масхара қилган эди: “Бошқа юртларнинг худолари ўз халқларини менинг қўлимдан қутқара олмагани сингари Ҳизқиёнинг худоси ҳам ўз халқини менинг қўлимдан қутқара олмайди.”

18Аъёнлар бу гапларини иброний тилида девор устида турган Қуддус халқига бақириб айтдилар. Улар Қуддусни қўлга киритиш ниятида аҳолини ваҳимага солиб, қўрқитиб қўймоқчи эдилар.

19Қуддус Худосини бошқа халқларнинг худолари қаторида кўрдилар, У тўғрисида худди инсон қўли билан яратилган бутлар ҳақида гапиргандай гапирдилар.

20Шоҳ Ҳизқиё ва Омиз ўғли Ишаё пайғамбар Худога илтижо қилиб ёрдам сўрадилар.

21Эгамиз фариштасини жўнатган эди, фаришта Оссурия шоҳи қароргоҳидаги ҳамма баҳодир жангчиларни, лашкарбошиларни ва аъёнларни қириб ташлади. Санхарив шармандаларча ўз юртига қайтиб кетди. У ўз худосининг уйига кирганда, ўғилларининг баъзилари унга қилич уриб ўлдирдилар.

22Шундай қилиб, Эгамиз шоҳ Ҳизқиёни ва Қуддус аҳолисини Оссурия шоҳи Санхаривнинг қўлидан ва бутун ғанимлари қўлидан қутқарди. Ҳизқиёга Эгамиз ҳар тарафдан осойишталик ато қилди.

23Кўп одамлар Қуддусга келиб, Эгамизга назрлар, Яҳудо шоҳи Ҳизқиёга қимматбаҳо тортиқлар олиб келдилар. Ўша пайтдан бошлаб ҳамма халқлар Ҳизқиёни юксак даражада ҳурмат қиладиган бўлдилар.

24Ўша кунларда Ҳизқиё тузалмас хасталикка йўлиқиб, ўлим тўшагига ётиб қолди. У Эгамизга ибодат қилган эди, Эгамиз унга жавоб бериб, хасталигидан тузалишини тасдиқлайдиган бир аломат кўрсатди.

25Аммо Ҳизқиё ношукурчилик қилиб, ўзини мағрур тутгани учун ўз бошига ҳамда Яҳудо ва Қуддус устига Эгамизнинг ғазабини келтирди.

26Ниҳоят, Ҳизқиё ва Қуддус аҳолиси юрагидаги мағрурликни ташлади. Шу сабабдан Эгамиз шоҳ Ҳизқиё даврида халққа ғазабини сочмади.

27Ҳизқиё бой–бадавлат бўлиб, юксак обрўга эришди. У ўзининг кумушлари, олтин, қимматбаҳо тошлари, зираворлари, қалқонлари ва ҳамма қимматли буюмлари учун хазиналар қурдирди.

28Буғдой, шароб ва зайтун мойлари учун омборхоналар, барча турдаги моллари учун оғилхоналар, қўйлари учун қўтонлар қурдирди.

29Кўплаб шаҳарлар бунёд этиб, пода ва сурувларини кўпайтирди, чунки Худо унга беҳад бойлик берган эди.

30Ҳизқиё Гихўн булоғининг юқори қисмини беркитиб, қаздирган қувур орқали сувни Қуддус ичига олиб кирди. У ҳамма ишларида муваффақиятга эришди.

31Бироқ Бобил шаҳзодалари Яҳудо юртида юз берган мўъжизали аломат тўғрисида сўраш учун ўз элчиларини Ҳизқиё ҳузурига жўнатганларида, Худо Ҳизқиёни ўз ҳолига қўйиб қўйганди. Худо Ҳизқиёни синаб, унинг дилидаги асл ниятларини билмоқчи эди.

32Ҳизқиёнинг бошқа ишлари, қилган яхшиликлари Яҳудо ва Исроил шоҳлари китобидаги Омиз ўғли Ишаё пайғамбарнинг ваҳийсида ёзилган.

33Ҳизқиё оламдан ўтиб, Довуд насли хилхонасининг тўрига дафн қилинди. Ҳизқиё вафот этганда, бутун Яҳудо халқи ва Қуддус аҳолиси унга иззат–ҳурмат кўрсатди. Унинг ўрнига ўғли Манаше шоҳ бўлди.

rticle>