2 Солномалар 33:1-25 UZV2013 - Bible AI

1Манаше ўн икки ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда эллик беш йил ҳукмдорлик қилди.

2У Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилди. Эгамиз Ўз халқи Исроилнинг олдидан қувиб юборган халқларнинг жирканч одатларига эргашди.

3Отаси Ҳизқиё бузиб ташлаган саждагоҳларни қайтадан барпо этди, Баалга атаб қурбонгоҳлар қурди, Ашерага атаб устунлар ўрнатди. Барча самовий жисмларга сажда қилиб хизмат этди.

4Манаше Эгамизнинг улуғланиши керак бўлган уйида бегона худоларга атаб, қурбонгоҳлар қурди.

5Эгамиз уйининг иккала ҳовлисида ҳам жамики самовий жисмларга сажда қилиш учун қурбонгоҳлар барпо қилдирди.

6Ўғлини Хиннум сойлигида оловда куйдириб қурбонлик қилди, фоллар очтирди, таъбирчиларга эътиқод қилди, сеҳр–жоду билан шуғулланди, арвоҳ чақирувчиларга маслаҳат солди. Эгамиз олдида кўп қабиҳ ишлар қилиб, Уни ғазаблантирди.

7Ўзи ясаттирган бутни Худонинг уйига ўрнатди. Худо бу уй тўғрисида Довуд билан унинг ўғли Сулаймонга шундай деган эди: “Мен бу уйни ва Қуддусни Исроил қавмлари яшайдиган масканлар орасидан танлаб олганман. Мен то абад ўша ерда улуғланаман.

8Улар амрларимни битта қолдирмай бажарсалар, қулим Мусо орқали берган қонун–қоида ва талабларимга риоя қилсалар, Исроил халқининг ота–боболарига Мен белгилаган ердан ҳайдалишларига йўл қўймайман.”

9Манаше Яҳудо халқини ва Қуддус аҳлини шу қадар йўлдан оздирдики, улар Канъон юртидан Эгамиз йўқотиб юборган халқлардан ҳам кўра, кўпроқ қабиҳ ишлар қилдилар.

10Эгамиз шоҳ Манашени ва унинг халқини огоҳлантирди, лекин улар қулоқ солмадилар.

11Шунинг учун Эгамиз уларга қарши Оссурия лашкарбошиларини жўнатди. Улар Манашени асирга олдилар, бурнидан ҳалқа ўтқазиб, уни занжирбанд қилдилар ва Бобилга олиб келдилар.

12У кулфатда қолгач, Эгаси Худодан шафқат сўраб илтижо қилди, ота–боболарининг Худосига бўйин эгди.

13Илтижо қилганда, Худо Манашенинг илтижосини қабул қилди, уни яна Қуддусга — ўз шоҳлигига қайтарди. Шунда Манаше, Эгамиз ҳақиқатан ҳам Худо эканлигини билди.

14Шундан кейин Манаше Довуд қалъасининг шарқ томонидаги ташқи деворини тузатиб, уни баланд қилиб кўтартирди. Бу девор Қидрон сойлигидаги Гихўн бўлоғидан то шимолдаги Балиқ дарвозасигача ва шаҳарнинг Офел деган қисмигача чўзилган эди. Манаше Яҳудонинг ҳамма мустаҳкам шаҳарларига лашкарбошилар тайинлади.

15Эгамизнинг уйидан бегона худоларнинг тасвирларини ва ўзи ўрнатган бутни олиб ташлади, Эгамизнинг уйи турган тоғда ва Қуддуснинг бошқа жойларида ўзи қурдирган қурбонгоҳларни буздириб, шаҳар ташқарисига чиқартирди.

16Сўнг Эгамизнинг қурбонгоҳини қайтадан қурдириб, қурбонгоҳ устида тинчлик қурбонликлари ва шукрона қурбонликларини атади. Яҳудо халқига: “Исроил халқининг Худоси — Эгамизга сажда қилинглар”, деб фармон берди.

17Халқ бошқа саждагоҳларда қурбонлик қилишда давом этди. Аммо қилган барча қурбонликларини улар Эгаси Худога атар эдилар.

18Манашенинг бошқа ишлари, Худога қилган ибодати, Исроил халқининг Худоси — Эгамиз номидан валийлар унга берган хабарлар “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.

19Унинг илтижоси ва Худонинг берган жавоби, тавба қилмасдан олдин қилган ҳамма гуноҳлари ва Худога қилган хиёнати, қурдирган саждагоҳлар, Ашеранинг устунлари ва сиғинган бутлар тўғрисида валийлар китобида ёзилган.

20Манаше оламдан ўтиб, ўз уйида дафн қилинди. Ўрнига ўғли Омон шоҳ бўлди.

21Омон шоҳ бўлганда, йигирма икки ёшда эди. У Қуддусда икки йил ҳукмдорлик қилди.

22Омон ҳам, отаси Манаше каби, Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилди. Отаси Манаше ясаттирган ҳамма бутларга қурбонлик қилиб, хизмат этди.

23Отаси Манаше Эгамизга бўйин эгган бўлса, Омон Эгамизга бўйин эгмади, отасидан ҳам кўпроқ гуноҳ орттирди.

24Омоннинг аъёнлари фитна уюштириб, уни ўз саройида ўлдирдилар.

25Яҳудо халқи ўз шоҳи Омонга фитна уюштирганларнинг ҳаммасини ўлдириб, ўрнига ўғли Йўшиёни шоҳ қилиб кўтардилар.

rticle>