2 Солномалар 34:1-33 UZV2013 - Bible AI

1Йўшиё саккиз ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда ўттиз бир йил ҳукмдорлик қилди.

2У Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди. Ўнгга ҳам, чапга ҳам оғмасдан, бобоси Довуднинг йўлидан юрди.

3Ҳукмронлигининг саккизинчи йилида, ёшлигидан бобоси Довуднинг Худосига интила бошлади. Ҳукмронлигининг ўн иккинчи йилида эса Яҳудо ва Қуддусни саждагоҳлардан, Ашеранинг устунларидан, ўйма ва қуйма бутлардан тозалай бошлади.

4Унинг кўрсатмаси билан Баалнинг қурбонгоҳлари буздирилди, бу қурбонгоҳларнинг ёнидаги тутатқи қурбонгоҳлари ҳам синдириб ташланди. Ашеранинг устунлари, шунингдек, ўйма ва қуйма бутлар парчаланиб, бўлаклари ўша бутларга қурбонлик қилганларнинг қабрлари устига сочиб ташланди.

5Йўшиё бутпараст руҳонийларнинг суякларини ўзлари сажда қилган қурбонгоҳлар устида ёқди. Шундай қилиб, у Яҳудо ва Қуддусни поклади.

6Шимолдаги Нафтали ҳудудигача бўлган Манаше, Эфрайим ва Шимўн шаҳарларидаги ва буларнинг атрофидаги вайроналардаги

7қурбонгоҳларни синдирди, Ашерага аталган устунларни кесди, бутларни парчалаб ташлади. Исроил юрти бўйлаб ҳамма тутатқи қурбонгоҳларини бузди. Шундан кейин Қуддусга қайтиб кетди.

8Йўшиё юртни ва Эгамизнинг уйини поклагандан кейин, ҳукмронлигининг ўн саккизинчи йилида Озалиё ўғли Шофонни, Қуддус ҳокими Масиёни ва мушовир Йўхоз ўғли Йўхни Эгаси Худонинг уйини тузатишга юборди.

9Улар олий руҳоний Хилқиёнинг олдига келиб, Худонинг уйига келтирилган кумушни унга топширдилар. Леви дарвозабонлари бу кумушни Манаше, Эфрайим ва Исроил халқининг омон қолганларидан, шунингдек, Яҳудо, Бенямин қабилаларидан ва Қуддус аҳолисидан тўплаб олган эдилар.

10Улар кумушни Эгамизнинг уйида меҳнат қилаётган ишбошиларга топширдилар. Ишбошилар эса кумушни олиб, Эгамизнинг уйидаги бузилган жойларни тузатиб таъмир этаётганларга тўладилар.

11Қолганини эса дурадгор ва бинокорларга бердилар. Улар бу кумушга Яҳудо шоҳлари қаровсиз қолдирган хароб биноларни тузатиш учун тош ва ёғочларни сотиб олдилар.

12Ишчилар сидқидилдан меҳнат қилдилар. Уларга назоратчи қилиб Марори наслидан левилар Яхат ва Ободиё тайинланди, Қоҳот уруғидан эса левилар Закариё ва Машуллом тайинланди. Мусиқа асбобларини чаладиган ҳамма левилар

13юк ташувчиларга ҳамда турли хизматдаги ишчиларга масъул эдилар. Левиларнинг баъзилари эса котиб, маъмур ва дарвозабон эдилар.

14Эгамизнинг уйидаги кумуш олиб чиқилаётганда, руҳоний Хилқиё Эгамизнинг Мусо орқали берган Таврот китобини топиб олди.

15У котиб Шофонга:

15— Эгамизнинг уйидан Таврот китоби топиб олдим, — деб китобни Шофонга берди.

16[16-17] Шофон эса китобни шоҳга олиб бориб: “Қулларингиз топширилган ҳамма ишларни бажаряптилар. Эгамизнинг уйидаги кумушлар ўша ердаги ишбошиларга ва ишчиларга берилди, — дея ҳисобот бергач,

18— Руҳоний Хилқиё мана бу китобни менга берди”, деб қўшимча қилди, сўнг Таврот китобини шоҳга овоз чиқариб ўқиб берди.

19Шоҳ Таврот сўзларини эшитгач, ваҳимага тушганидан кийимларини йиртди.

20Кейин руҳоний Хилқиёга, Шофон ўғли Охихамга, Михо ўғли Абдўнга, котиб Шофонга ва ўзининг мулозими Осоёҳга шундай фармон берди:

21— Боринглар, топилган бу китобдаги сўзларга мувофиқ, мен тўғримда ҳам, Исроил ва Яҳудо халқларининг омон қолганлари тўғрисида ҳам Эгамизнинг хоҳиш–иродасини сўранглар. Оталаримиз бу китобдаги сўзларга қулоқ солмаганлари учун, ёзилганларга риоя қилмаганлари учун, Эгамизнинг даҳшатли ғазаби бизнинг устимизга ёғилди.

22Руҳоний Хилқиё ва шоҳ жўнатган одамлар пайғамбар Хулда ҳузурига бориб, унга маслаҳат солдилар. Хулда Эгамизнинг уйидаги муқаддас либослар посбони Шаллуннинг хотини эди. Шаллун Тоққатнинг ўғли, Хасранинг набираси эди. Хулда Қуддуснинг янги даҳасида яшарди.

23Хулда уларга шундай деди:
— Сизларни Менинг ҳузуримга юборган одамга шу гапларимни айтинглар:

23“Исроил халқининг Худоси — Эгамиз демоқда:

24“Мен бу юртга ҳам, бу юртда яшаётган халққа ҳам фалокат келтираман. Яҳудо шоҳи ҳузурида ўқилган китобдаги ҳамма лаънатларни ёғдираман.

25Улар Мендан юз ўгирганлари учун, бошқа худоларга қурбонликлар келтириб, ўз қўллари билан ясаган бутлар туфайли қаҳримни келтирганлари учун, бу юртга ғазабим ёғилади ва асло босилмайди.”

26Эгамизнинг хоҳиш–иродасини билиш учун сизларни юборган Яҳудо шоҳига шу хабарни беринглар: Исроил халқининг Худоси — Эгамиз эшитган сўзларинг тўғрисида шуни айтмоқда:

27— Сен бу юртга ва юртнинг халқига қарши айтган сўзларимни эшитганингдан кейин, юрагинг юмшади, Менга бўйин эгдинг. Сен Менга бўйин эгганинг учун, либосларингни йиртиб, ҳузуримда йиғлаганинг учун Мен илтижоларингни эшитдим.

28Шунга кўра, сен ота–боболаринг ёнига хотиржам кетасан, ўз қабрингга дафн этиласан. Бу юртга ва унинг аҳлига Мен келтирадиган жамики фалокатларни сен кўрмайсан.”

28Хилқиё ва унинг ҳамроҳлари бу хабарни шоҳга етказдилар.

29Шоҳ Йўшиё хабар бериб, Яҳудо ва Қуддуснинг ҳамма оқсоқолларини ўз ҳузурига тўплади.

30Жамики Яҳудо халқи ва Қуддус аҳолиси, руҳонийлар, левилар, зодагонлару авом халқ шоҳ бошчилигида Эгамизнинг уйига борди. Шоҳ Эгамизнинг уйидан топилган Аҳд китобини бошидан охиригача уларнинг олдида ўқиди.

31У Эгамизнинг уйи эшиги олдидаги ўз жойида туриб: “Эгамиз кўрсатган йўлдан юраман, амрларига итоат этаман. Шартларига, фармонларига бутун қалбим билан, жону дилим билан қулоқ соламан. Бу китобда ёзилган аҳд сўзларини адо этаман”, деб Эгамиз билан қайта аҳд қилди.

32Сўнгра у Бенямин қабиласига ва Қуддусдаги ҳамма одамларга бу аҳдга риоя қилиш тўғрисида фармон берди. Ўша кундан бошлаб Қуддус аҳолиси ота–боболарининг Худоси билан қилган аҳд талабларини бажара бошладилар.

33Йўшиё Исроил халқига қарашли ҳамма ҳудудлардан макруҳ бутларни йўқотди. Исроил халқининг ҳаммасини Эгаси Худога сажда қилдирди. Унинг даврида халқ ота–боболарининг Худоси — Эгамиздан юз ўгирмай, Унга хизмат қилди.

rticle>