2 Солномалар 36:1-23 UZV2013 - Bible AI

1Яҳудо халқи Йўшиёнинг ўғли Ёҳухозни отасининг ўрнига шоҳ қилиб кўтарди.

2Ёҳухоз йигирма уч ёшида тахтга ўтириб, Қуддусда уч ой шоҳлик қилди.

3Сўнгра Миср шоҳи Нехо уни Қуддус тахтидан тушириб, юрт халқидан 200 пуд кумуш ва 2 пуд олтин ўлпон талаб қилди.

4Миср шоҳи Ёҳухознинг укаси Элияқимни Яҳудо ва Қуддусга шоҳ қилиб тайинлади. Унинг исмини ўзгартириб Ёҳайиқим қўйди. Акаси Ёҳухозни эса Мисрга олиб кетди.

5Ёҳайиқим йигирма беш ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда ўн бир йил ҳукмдорлик қилди. У Эгаси Худонинг олдида қабиҳ ишлар қилди.

6Бобил шоҳи Навухадназар Яҳудога ҳужум қилди. У Ёҳайиқимни занжирбанд қилиб Бобилга олиб кетди.

7Эгамизнинг уйидаги бир қанча идишларни ҳам Бобилга олиб кетиб, уларни Бобилдаги саройига қўйди.

8Ёҳайиқимнинг бошқа ишлари, унинг қилган жирканч қилмишлари, ҳамма камчиликлари “Исроил ва Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган. Унинг ўрнига ўғли Ёҳайихин шоҳ бўлди.

9Ёҳайихин саккиз ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда уч ойу ўн кун ҳукмдорлик қилди. У Эгамизнинг олдида қабиҳ ишлар қилди.

10Ўша йили баҳорда шоҳ Навухадназар Ёҳайихинни ҳибсга олиб, Бобилга олиб кетди. У билан бирга Эгамизнинг уйидаги қимматбаҳо идишларни ҳам олиб кетди. Ёҳайихиннинг ўрнига укаси Зидқиёни Яҳудо ва Қуддус устидан шоҳ қилиб тайинлади.

11Зидқиё йигирма бир ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда ўн бир йил ҳукмдорлик қилди.

12У Эгаси Худонинг олдида қабиҳ ишлар қилди. Эгамизнинг сўзларини аён қилган пайғамбар Еремиёга бўйин эгмади.

13Шоҳ Навухадназар Зидқиёга Худонинг номи билан садоқат онтини ичдирган бўлса ҳам, Зидқиё Навухадназарга қарши исён кўтарди. У қайсарлик қилиб, Исроил халқининг Худоси — Эгамизга тавба қилишдан бош тортди.

14Бош руҳонийларнинг ҳаммаси омма қаторида ўзга халқларнинг жирканч одатларига тақлид қилиб, Худога ўта бевафо бўлдилар. Шу йўсин, улар Эгамизнинг Ўзи муқаддас қилган Қуддусдаги уйни булғадилар.

15Ота–боболарининг Худоси — Эгамиз Ўз халқи ва масканига раҳм қилиб, уларнинг олдига қайта–қайта пайғамбарларини жўнатди.

16Лекин улар Худонинг элчиларини ҳақорат қилиб, Худонинг сўзларидан нафратландилар, пайғамбарларни масхара қилдилар. Охири Эгамиз Ўз халқидан шу қадар ғазабландики, улар нажотсиз қолдилар.

17Эгамиз уларга қарши Бобил шоҳини тортиб келди. Бобил шоҳи Маъбадда уларнинг ёшларини қиличдан ўтказди, на ёш эркакка, на аёлга, на кексага, на хастага шафқат қилди. Худо Яҳудо халқининг ҳаммасини Бобил шоҳининг қўлига берган эди.

18Бобил шоҳи Худонинг уйидаги каттаю кичик буюмларни, жамики хазинани, шоҳ ва унинг аъёнлари хазиналарини, хуллас, ҳамма нарсани Бобилга олиб кетди.

19Худонинг уйига эса ўт қуйди, Қуддус деворини бузиб ташлади, ҳамма ҳашаматли биноларни ёндирди, Қуддусдаги ҳамма қимматбаҳо ашёларни йўқ қилиб ташлади.

20Қиличдан омон қолганларини эса Бобилга сургун қилди. Форс шоҳлиги қарор топгунга қадар Яҳудо халқи Бобил шоҳига ва унинг авлодларига қул бўлиб қолди.

21Юрт бўм–бўш чўлга айланди. Ерга дам берилмаган йилларнинг сони тўлгунича, етмиш йил давомида ташландиқ бўлиб ётди. Шундай қилиб, Эгамизнинг Еремиё пайғамбар орқали айтган сўзлари амалга ошди.

22Форс шоҳи Куруш ҳукмронлигининг биринчи йилида Эгамизнинг Еремиё орқали билдирган сўзлари бажо бўлиши учун, Эгамиз шоҳ Курушнинг руҳини қўзғатди. Шундай қилиб, Куруш ўз шоҳлигининг ҳамма томонига хабарчилар жўнатди ва ёзма фармонда қуйидагиларни эълон қилди:

23“Форс шоҳи Куруш шундай демоқда: Самовий Худо — Эгамиз ер юзидаги жамики шоҳликларни менга берган. У Яҳудо юртидаги Қуддусда Ўзига бир уй қуришни менга топширди. Худонинг халқидан бўлган ҳар бир кимса Қуддусга борсин, Эгаси Худо унга ёр бўлсин.”

rticle>