1Шоул ҳалок бўлгандан кейин, Довуд Омолек халқини енгиб, Зихлах шаҳрига қайтиб келди ва у ерда икки кун қолди.
2Учинчи куни Шоулнинг қароргоҳидан Довуднинг олдига бир одам келди. У қайғудан кийимларини йиртган, бошига тупроқ сочган [1], аянчли аҳволда эди. Ўша одам Довуднинг олдига келгач, мук тушиб, унга таъзим қилди.
3— Қаердан келяпсан? — деб сўради Довуд. — Исроил қароргоҳидан қочиб келдим, — деди у одам.
4— Айт–чи, нима бўлди? — деб сўради Довуд. — Сипоҳлар уруш майдонидан қочдилар, одамларимиздан кўплари ўлдирилди, Шоул билан ўғли Йўнатан ҳам ҳалок бўлди, — деди у. Шунда Довуд:
5— Шоул билан ўғли Йўнатаннинг ҳалок бўлганини қаердан биласан? — деб сўради хабарчи йигитдан.
6— Тасодифан Гилбова тоғига [2] борган эдим, — деб гапида давом этди у. — Шоул найзасига зўрға суяниб турар, душман отлиқлари ва жанг аравалари эса унга томон ёпирилиб келаётган экан.
7Шоул орқасига қараб, мени кўриб қолиб чақирди. “Лаббай”, дедим мен.
8“Сен кимсан?” деб сўради Шоул. “Омолек халқиданман”, дедим мен.
9Сўнг у: “Бу ёққа кел, мени ўлдир. Тарашадай бўлиб серрайиб қолдиму, лекин жоним чиқмаяпти”, деди.
11Довуд бу гапни эшитиб, қайғудан кийимларини йиртди. Бошқалар ҳам шундай қилдилар.
12Шоул ва унинг ўғли Йўнатан, Эгамизнинг лашкари — Исроил халқидан кўпчилиги жангда ҳалок бўлган эдилар. Шунинг учун ҳаммалари оқшомгача аза тутиб фарёд қилдилар, рўза тутдилар.
13Довуд шум хабарни олиб келган йигитдан: — Қаерликсан? — деб сўради. — Мен Омолек халқиданман, бегона халқданман, — деди йигит.
14— Эгаммой суртиб Шоулни шоҳ қилиб танлаган эди–ку! Шундай шоҳга қўл кўтариб, ўлдиришдан қўрқмадингми? — деди Довуд унга.
15Кейин Довуд битта сипоҳини чақирди–да:
15— Қани, ўлдир уни! — деб буюрди. Йигит Омолекка бир қилич уриб ўлдирди. Довуд унга қарата:
16— Тилинг ўзингнинг бошингга етди. Эгам мой суртиб танлаган шоҳни мен ўлдирдим, деб ўз оғзинг билан гувоҳлик бердинг, — деди.
17Довуд Шоул билан унинг ўғли Йўнатан учун марсия куйлади.
18Сўнг, ушбу марсия [3]Яҳудо халқига ўргатилсин, деб фармон берди. Бу марсия “Ёшур” китобида [4] ёзилган.