2 Шоҳлар 22:1-51 UZV2013 - Bible AI

1Эгамиз Довудни жамики душманлари ва Шоулнинг қўлидан озод қилган куни Довуд Эгамизга атаб шу қўшиқни айтди:

2“Эгам — менинг ишонган қоям [1], қалъам, қутқарувчим.

3Худодир менинг қоям, Ундан паноҳ топаман. Эгамдир қалқоним, баҳодир курашчим [2], Қўрғониму бошпанам. Нажоткорим, зулмдан мени Сен қутқарурсан!

4Эгамга илтижо қиламан, Ғанимларимдан У мени халос қилади. Эгамизга ҳамду санолар!

5Ўлим тўлқинлари мени қуршаб олганди, Бало–қазо селлари даҳшат–ла босганди,

6Ўликлар диёрининг [3] тўрлари мени ўраб олганди, Ўлим доми қаршимда пайдо бўлганди.

7Кулфатда қолганимда Эгамга илтижо қилдим, Ҳа, Худойимга илтижо қилдим. Маъбадидан туриб У овозимни эшитди, Оҳу нолам қулоғига етиб борди.

8Ўша замон ер юзи титраб, тебранди, Самоларнинг пойдевори [4] ларзага келди, Эгам ғоят ғазабга минган эди.

9Бурнидан тутун ўрларди, Оғзидан оташ пишқирарди, Ундан тошкўмир чўғи ёғиларди.

10У кўкларни ёриб, пастга тушди, Оёқлари остида — қора булут.

11Бир карубга миниб учиб келди, Ел қанотлари узра кўринган эди.

12Атрофини зулмат билан ўради, Атрофидаги қора булутларни Ўзига чайла қилди.

13Улкан нур Эгамнинг олдидан чиқди, Қип–қизил чўғ ёғилиб турди.

14Эгамнинг овози кўклардан гулдиради, Худойи Таолонинг садоси эшитилди.

15Ўқлар отди, чақмоқ чақтириб, ёвларини тирқиратди, Уларни саросимага солди.

16Эгамнинг гина–кудуратидан, Унинг қаҳрли нафасидан Денгизнинг туби кўриниб қолди, Заминнинг пойдевори [5] яланғоч бўлиб қолди.

17Эгам юқоридан қўл узатиб, мени тутди, Баҳайбат сувлардан [6] мени чиқариб олди.

18Мени кучли ғанимларим қўлидан, Мендан нафратланган ёвларимдан қутқарди, Чунки улар мендан кучли эдилар.

19Улар қора кунимда менга қарши турдилар, Аммо Эгам менга таянч бўлди.

20Мени кенг жойга чиқариб қўйди, Мендан мамнун бўлиб, нажот берди.

21Солиҳлигим–чун мени мукофотлар, Айбсизлигим–чун Эгам тақдирлар.

22Зеро, мен Эгам йўлларига риоя этдим, Ахлоқсизлик қилмадим, Худойимдан юз ўгирмадим.

23Унинг ҳамма таомилини маҳкам ушладим, Фармонларидан бўйин товламадим.

24Унинг олдида бенуқсон бўлдим, Гуноҳ қилишдан ўзимни сақладим.

25Шу сабабли Эгам мени пок деб билди, Солиҳлигимга яраша мукофот берди.

26Эй, Эгам! Ўзингга содиқ бўлганга содиқ бўлурсан, Тўғри кишига Ўзинг тўғри бўлурсан.

27Пок кишига поклигингни кўрсатурсан, Эгрига эса айёрлигингни кўрсатасан.

28Аҳли камтарга–чи, ёрдам берурсан, Димоғдорни кузатиб, манманлиги–чун ерга урурсан.

29Эй, Эгам! Сен Ўзинг чироғимсан, Зулматни мен учун ёруғликка айлантирурсан.

30Эй, Худойим! Сенга суяниб лашкарни йўқ қиламан, Сенга суяниб деворлардан ошиб ўтаман.

31Худонинг йўли комилдир, Эгамнинг каломи чин ҳақиқатдир, Паноҳ излаб борганга У қалқондир.

32Эгамдан бошқа Худо ким экан?! Худомиздан бўлак қоя бормикан?!

33Менинг мустаҳкам қалъам — Худодир, Йўлимни Ўзи бехатар қилар.

34Оёқларимни кийик оёғи каби қилар, Мени тепаликка эсон–омон ўтқазар.

35Қўлларимга жанг қилишни ўргатар, Бармоқларим бронза ёйни бука олар.

36Сен менга зафар қалқонингни бергансан, Мададинг эса мени юксалтирар.

37Оёқларим учун йўлимни кенг қилгансан, Оёқларим сира оғиб кетмас.

38Ғанимларимни қувлаб, ҳалок қиламан, Уларни йўқ қилмай ортга қайтмайман.

39Уларни шундай эзаманки, ҳеч ҳам тура олмаслар. Оёқларим остида чўзилиб қоларлар.

40Сен менга қувват бериб, жангга юбординг, Менга қарши отланган ёвни олдимда бош эгдирдинг.

41Ғанимларимни мендан қочирдинг, Мендан нафратланганларни йўқ қилдинг.

42Улар нажоткорни тўрт кўз–ла излаб, топмадилар, Эгамга ёлвордилар, вале У жавоб бермади.

43Ердаги тупроқ сингари уларни эздим, Йўлдаги лойдек тепкилаб босдим.

44Сен мени халқим ғийбатидан халос қилдинг, Мени элларга раҳнамо қилиш учун сақладинг. Ўзим танимаган элат менга қарам бўлди.

45Ёт эллар менга бўйин эгдилар, Овозимни эшитибоқ қулоқ тутдилар.

46Ёт эллар ҳолсизланиб йиқилдилар, Қалтираб манзилидан чиқиб қочдилар.

47Эгам барҳаётдир! Мен ишонган қоямга ҳамду санолар бўлсин! Нажотим қояси — Худойим юксалсин!

48Мен учун қасд олган Худодир, Халқларни менга У тобе қилган.

49Мени ғанимларимдан қутқарган, Босқинчилардан мени устун қилган, Мени зўравонлар қўлидан халос этган.

50Эй, Эгам, халқлар ичра Сенга ҳамдлар айтурман, Сенинг исмингни куйлаб сано айтурман.

51Эгам Ўз шоҳини улуғ зафарларга эриштирар, Ўзи мой суртиб танлаган Довуддан ва унинг наслидан То абад марҳаматини дариғ тутмас.”

le>