2 Шоҳлар 6:1-23 UZV2013 - Bible AI

1Довуд Исроил лашкаридан яна ўттиз минг сараланган одамларини тўплади.

2Довуд ўз одамлари билан Яҳудодаги Баало шаҳрига [1] жўнади. Унинг мақсади Худо — икки каруб орасида тахт қурган Сарвари Оламнинг сандиғини олиб келиш эди.

3Худонинг сандиғи Абунадовнинг тепаликдаги уйида [2] эди. Сандиқни янги арава устига ортишди. Абунадовнинг ўғиллари Уззох билан Охё аравани ҳайдаб кетишди.

4Абунадовнинг тепаликдаги уйидан Худонинг сандиғини олиб кетишаётганда, Охё сандиқнинг олдида бораётган эди.

5Довуд ва жамики Исроил халқи Эгамизнинг ҳузурида берилиб [3], ўйин–кулги қилаётган эдилар. Улар лира, арфа, чилдирма, шақилдоқ ва занг чалиб, қўшиклар билан бу воқеани байрам қилаётган эдилар.

6Нохун деган одамнинг хирмонига етиб борганларида, ҳўкизлар қоқилиб кетди. Уззох қўлини узатиб Худонинг сандиғини ушлаб қолди.

7Лекин Уззох ҳурматсизлик [4] қилгани учун, Эгамиз ундан ғазабланиб, ўша ердаёқ Уззохни уриб, жонини олди. Уззох Худонинг сандиғи ёнгинасида жон берди.

8Эгамиз Уззохни ургани учун, Довуд қаттиқ ғазабланди. Ўша кундан буён шу жой “Параз–Уззох” [5], деб айтилади.

9Довуд ўша куни Эгамиздан қўрқиб: “Қандай қилиб Эгамнинг сандиғини ўзим билан олиб кела олар эканман?” деб ўйлади.

10У Эгамизнинг сандиғини Довуд қалъасига — ўзиникига олиб боришни хоҳламади. Сандиқни Гатлик [6] Обидадомнинг уйига ташлаб кетди.

11Эгамизнинг сандиғи Гатлик Обидадомнинг уйида уч ой турди. Эгамиз Обидадомга ва унинг бутун хонадонига барака берди.

12“Эгамиз Ўзининг сандиғи учун Обидадомнинг бутун хонадонига, унга қарашли ҳамма нарсага марҳамат қилди”, деб шоҳ Довудга хабар етказишди. Шундай қилиб, Довуд бориб, Обидадомнинг уйидан Худонинг сандиғини ўз қалъасига катта тантана билан олиб келди.

13Эгамизнинг сандиғини олиб бораётганлар олти қадам юришганда, Довуд бир буқа билан бир бўрдоқи бузоқни қурбонлик қилди.

14Довуд Эгамизнинг ҳузурида бутун вужуди билан ўйинга тушарди. У ўшанда руҳонийларнинг муқаддас либосини [7] кийиб олган эди.

15Довуд билан бутун Исроил халқи севинчли хитоблар, карнай садолари остида Эгамизнинг сандиғини олиб келишарди.

16Эгамизнинг сандиғи Довуд қалъасига кириб келаётганда, Шоулнинг қизи Михал деразадан қараб турган эди. У Эгамизнинг олдида сакраб ўйнаётган шоҳ Довудни кўрдию, ўз кўнглида уни паст кўрди.

17Эгамизнинг сандиғини Довуд махсус қурдирган чодирнинг ичкарисига олиб кириб қўйишди. Кейин Довуд Эгамизга куйдириладиган қурбонликлар ва тинчлик қурбонликлари келтирди.

18У қурбонликлар қилиб бўлгандан кейин, Сарвари Олам номидан халқни дуо қилди.

19Сўнг ҳаммага — эркагу аёлга, жамики Исроил жамоасига бир донадан гардиш нон, бир ҳовучдан хурмо [8] ва бир ҳовучдан майиз [9] тарқатди. Шундан кейин халқ уй–уйига тарқалди.

20Довуд ўз оиласини дуо қилгани уйига келганда, Шоулнинг қизи, Довуднинг хотини Михал пешвоз чиқиб, Довудга шундай деди: — Бугун Исроил шоҳи қандай ажойиб шуҳратга эришди–я! Худди бемаъни одамлардай, ярим яланғоч бўлиб, аъёнларингнинг чўрилари олдида ўзингни кўрсатдинг!

21— Мен Эгам олдида ўйнадим! — деди Довуд. — У отанг ва унинг бутун хонадонидан мени ортиқ кўрган, Ўз халқи Исроилга мени раҳнамо қилиб танлаган. Ҳа, Эгам олдида албатта ўйнайман.

22Бундан буён ўзимни яна ҳам пастроқ тутарман, балки уларнинг олдида ўзимни яна ҳам кичик тутарман. Лекин билиб қўй, сен айтган ўша чўрилардан мен шараф топарман.

23Шоулнинг қизи Михал умрининг охиригача бефарзанд ўтди.

e>