2 Шоҳлар 8:1-18 UZV2013 - Bible AI

1Бирмунча вақт ўтгач, Довуд яна Филистларга ҳужум қилиб, уларни мағлуб қилди ва Матех–Оммоҳ шаҳрини Филистлардан тортиб олди [1].

2Сўнг Мўаб халқини ҳам мағлуб қилди. Асирларни ерга қатор қилиб ётқизиб, қаторни арқон билан ўлчай бошлади. Бир ўлчаб, тирик қолдирди, икки ўлчаб ўлдирди. Шундай қилиб, тирик қолган Мўаб халқи Довудга қул бўлиб, ўлпон тўлайдиган бўлишди.

3Зўво [2] шоҳи Ҳададзар ўз шоҳлигини бошқатдан ўрнатмоқчи бўлиб Фурот дарёси бўйларига юриш қилган эди. Довуд уни ҳам тор–мор қилди. Ҳададзар Рехоб деганнинг ўғли эди.

4Довуд Ҳададзарнинг бир минг етти юзта отлиқ, йигирма мингта пиёда сипоҳини асирга олди. Ўзининг юзта жанг араваси учун керакли отларни қолдириб, бошқа ҳамма отларни майиб қилди.

5Дамашқдаги Орам халқи Зўво шоҳи Ҳададзарга ёрдамга келган эди, Довуд улардан йигирма икки минг кишини ўлдирди.

6Сўнг Дамашқдаги Орам халқининг шаҳарларига ўзининг қўнолғаларини жойлаштирди. Орам халқи ҳам Довудга қарам бўлиб, ўлпон тўлайдиган бўлдилар. Шундай қилиб, Довуд қаерга бормасин, Эгамиз уни зафарга эриштирди.

7Довуд Ҳададзарнинг аъёнлари кўтариб юрадиган олтин қалқонларни тортиб олиб, Қуддусга келтирди.

8Яна Ҳададзарнинг қўли остидаги Бетах ва Барўтай шаҳарларидан кўп бронза олиб кетди.

9Хомат [3] шоҳи Тўах “Довуд Ҳададзарнинг ҳамма лашкарини мағлуб қилибди”, деб эшитиб қолди.

10Тўах шоҳ Довуднинг ҳузурига ўғли Ёрамни юбориб, уни қутлади, жангда Ҳададзардан ғолиб келгани учун Довудни олқишлади. Тўах Ҳададзар билан узоқ вақтдан бери уришиб келарди. Ёрам Довудга олтин, кумуш, бронза идишларни ҳадя қилиб олиб келди.

11Шоҳ Довуд бу инъомларни босиб олган юртлардан келтирган олтину кумушлар билан бирга Эгамизга назр қилди.

12Булар Эдом [4], Мўаб, Оммон юртларидан, Филист ва Омолек халқларидан олиб келинган, Зўво шоҳи Ҳададзардан олинган ўлжалар эди.

13Довуд Туз водийсида [5] Орам халқидан ўн саккиз минг кишини ҳалок қилиб қайтгандан сўнг, янада донг таратди.

14Эдом юртининг ҳамма ерига ўз қўнолғаларини жойлаштирди. Эдом халқи Довудга қарам бўлди. Довуд қаерга борса, Эгамиз уни зафарга эриштирди.

15Довуд бутун Исроилда шоҳлик қилар экан, халқини одиллик билан бошқарарди.

16Зеруя ўғли Йўаб — лашкарбоши, Охилуд ўғли Ёҳушафат — мушовир [6] эди.

17Охитоб ўғли Зодўх билан Абуатар ўғли Охималек — руҳоний, Сараё — мирза эди.

18Ёҳайидо ўғли Бинаё — Харетлик ва Палатлик қўриқчиларнинг [7] бошлиғи, Довуднинг ўғиллари эса руҳоний эдилар.

e>