3 Шоҳлар 14:1-31 UZV2013 - Bible AI

1Ўша пайтда шоҳ Ерибомнинг ўғли Абиё касал бўлиб қолди.

2Ерибом хотинига:

2— Қани, тур, кийимларингни ўзгартир, токи менинг хотиним эканлигингни ҳеч ким билиб қолмасин, — деди. — Шилўга жўна. Пайғамбар Охиё ўша ерда. Исроил халқининг шоҳи бўлишим ҳақида у башорат қилган эди [1].

3Ўнта нон, бир нечта кулча, бир хумча асал олиб, пайғамбар Охиёнинг ҳузурига бор. Ўғлимизга нима бўлишини у сенга айтади.

4Хотини Ерибом айтганидай қилди, ўрнидан туриб, Шилўга йўл олди. Охиёнинг уйига етиб ҳам келди. Охиё қартайганидан кўзлари кўрмайдиган бўлиб қолган эди.

5Эгамиз Охиёга деди:

5— Ана, Ерибомнинг хотини келяпти, қара, қиёфасини ўзгартириб олган, ўғли касал, унга нима бўлади — шуни сендан сўрамоқчи. Унга шундай–шундай деб айт.

6Ерибомнинг хотини эшикни очиб, остона ҳатлаши биланоқ, Охиё унинг қадам товушларини эшитди. Шу заҳоти Охиё аёлга деди: — Кел, Ерибомнинг хотини, ичкари кир. Мени биров таниб қолмасин, деб бошқача кийиниб олибсанми?! Аммо сенга совуқ хабарларим бор.

7Изингга қайтиб бор, Ерибомга шу гапларни етказ: “Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: сени халқинг орасидан юксалтириб, халқим Исроил устидан ҳукмдор қилдим.

8Шоҳликни Довуд хонадонидан тортиб олиб, сенга бердим. Бироқ сен қулим Довудга ўхшаган бўлмадинг. У менинг амрларимга риоя қилиб, бутун қалби билан Менга эргашар, олдимда тўғри ишларнигина қиларди.

9Сен ўзингдан олдин ўтганларнинг ҳаммасидан ҳам кўп ёмон ишлар қилдинг. Ўзинг учун бошқа худоларнинг тасвирларини ясаб, Мени ғазаблантирдинг. Мендан юз ўгирдинг.

10Ана шу қилмишларинг эвазига хонадонингга бало–офат келтираман. Хоҳ қул бўлсин, ҳоҳ озод бўлсин, Исроилдаги ҳар бир эркак уруғингни қириб юбораман. Хонадонингни, худди супуриндини қиртишлаб улоқтиргандай, илдизидан қуритиб ташлайман.

11Шаҳарда вафот этган оиланг аъзоси кўппакларга ем бўлар, қирда вафот этгани кўкдаги қушларга ем бўлар. Зотан, бу сўзларни Эгамиз айтган.”

12Энди ўрнингдан тур, уйингга жўна. Шаҳарга қадам қўйишинг биланоқ, боланг нобуд бўлади.

13Бутун Исроил халқи болангни дафн қилади, унга аза тутади. Исроил халқининг Худоси — Эгамиз Ерибом хонадонидан фақат шу боланигина хуш кўрди. Ерибом хонадонидан қабрга кирадигани фақат шу боладир.

14Шундан кейин Эгамиз Ўзи учун Исроил устига бир шоҳ қўяди. У шоҳ Ерибом хонадонини ўша куни — ўша заҳотиёқ қириб битиради.

15Эгамиз Исроил халқини шундай урадики, Исроил сув ичида ўсган қамишга ўхшаб титрайди. Эгамиз Исроил халқини ота–бобосига берган бу ҳосилдор юртдан юлиб олиб, Фурот дарёсининг нариги томонига сочиб юборарди. Чунки бу халқ Ашерага атаб устунлар ясаб, Эгамизни ғазаблантирди.

16Ерибом гуноҳ қилди, Исроил халқини ҳам гуноҳга ботирди, шунинг учун Эгамиз Исроилни тарк этади.”

17Ерибомнинг хотини ўрнидан туриб, уйига жўнади. У Тирзага [2] етиб келиб, уйининг остонасидан ҳатлаши биланоқ, боласи жон берди.

18Эгамизнинг ўз қули Охиё пайғамбар орқали айтган сўзлари бажо бўлди, бутун Исроил халқи болани дафн қилиб, унга аза тутдилар.

19Ерибомнинг бошқа ишлари — қандай жанг қилгани, қай тарзда ҳукмронлик қилгани — ҳаммаси “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.

20Ерибом йигирма икки йил шоҳ бўлди. У ҳам оламдан ўтди. Ўрнига ўғли Надов шоҳ бўлди.

21Сулаймоннинг ўғли Рахабом эса Яҳудода ҳукмронлик қилди. У тахтга ўтирган пайтда қирқ бир ёшда эди. Онаси Оммонлик бўлиб, исми Намах эди. Рахабом Қуддусда ўн етти йил шоҳлик қилди. Эгамиз ҳамма Исроил қабилаларининг шаҳарлари орасидан Қуддус шаҳрини Ўзи улуғланиши учун танлаб олган эди.

22Яҳудо халқи ҳам Эгамиз олдида қабиҳликлар қилиб, гуноҳ ишлари билан Худони ота–боболаридан ҳам қаттиқроқ ғазаблантирди.

23Улар ҳар бир тепалик жойда, ҳар бир яшил дарахт остида ўзларига саждагоҳлар [3], бутсимон тошлар, Ашеранинг устунларини ясадилар.

24Бу юртдаги саждагоҳларда фаҳшбозлар [4] ҳам бор эди. Улар шунчалик кўп қабиҳ ишлар қилдиларки, уларнинг қилмишлари Канъон юртидан Эгамиз қувиб юборган ҳамма халқларнинг жирканч ишларига баробар эди.

25Рахабом шоҳлигининг бешинчи йилида [5] Миср шоҳи Шишах Қуддусга бостириб келди.

26У Эгамизнинг уйидаги ва саройдаги хазиналарни тортиб олди, қўлига нима илинса, ҳаммасини олди. Сулаймон ясаттирган олтин қалқонларни ҳам олди.

27Шоҳ Рахабом олтин қалқонлар ўрнига бронза қалқонлар ясатди ва уларни шоҳ саройи дарвозасини қўриқлайдиган соқчилар бошлиқлари қўлига берди.

28Шоҳ Эгамизнинг уйига кирганда, соқчилар қалқонларни кўтариб боришар, кейин эса қалқонларни жойига элтиб қўйишарди.

29Рахабомнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.

30Рахабом билан Ерибом бутун умри давомида уришиб келдилар.

31Ниҳоят, Рахабом ҳам оламдан ўтиб, Довуд қалъасида ота–боболари ёнига дафн қилинди. Онаси Оммонлик бўлиб, исми Намах эди. Рахабомнинг ўрнига ўғли Абиё [6] шоҳ бўлди.

le>