3 Шоҳлар 22:1-53 UZV2013 - Bible AI

1Орадан уч йил ўтди. Шу вақт оралиғида Орам билан Исроил ўртасида уруш бўлмади.

2Учинчи йили Яҳудо шоҳи Ёҳушафат Исроил шоҳи ҳузурига келди.

3Исроил шоҳи аъёнларига деди:

3Гиладдаги [1] Рамўт бизники эканини биласизларми? Лекин биз бу шаҳарни узоқ вақтдан буён Орам шоҳидан тортиб олмай, сукут сақлаб келяпмиз.

4— Гиладдаги Рамўт учун жанг қилмоққа мен билан борасанми? — деб сўради Ахаб Ёҳушафатдан. — Мени гўё ўзинг деб бил, халқимни ўзингнинг халқинг деб, отларимни ўзингнинг отларинг деб бил, — деди Ёҳушафат унга.

5Ёҳушафат Исроил шоҳига яна айтди:

5— Аввал Эгамизнинг хоҳиш–иродасини бил–чи, У нима дер экан.

6Исроил шоҳи тўрт юзга яқин пайғамбарни тўплаб улардан сўради: — Гиладдаги Рамўт учун жанг қилмоққа борайми ёки бормайми? — Бораверсинлар, Раббий у шаҳарни шоҳ ҳазратларининг қўлига беради.

7— Бу ерда улардан бошқа Эгамизнинг бирорта пайғамбари қолмадими? Агар бўлса, ундан ҳам сўраб кўрайлик, — деди Ёҳушафат.

8— Яна бир киши бор, — деди Ахаб Ёҳушафатга, — Йимлонинг ўғли Михиё. У орқали Эгамизнинг хоҳиш–иродасини билсак бўлади. Лекин мен уни ёмон кўраман, чунки у мен ҳақимда башорат қилса, хайрли гап айтмайди, хунук гап айтади. — Эй, шоҳ, бундай деб айтма, — деди Ёҳушафат.

9Исроил шоҳи мулозимини чақириб:

9— Тез бориб, Йимлонинг ўғли Михиёни олиб кел, — деб буюрди.

10Исроил шоҳи Ахаб ва Яҳудо шоҳи Ёҳушафат шоҳлик либосларини кийиб, ҳар қайсиси ўз тахтида Самария дарвозаси ёнидаги хирмонда ўтирар, ҳамма пайғамбарлар эса уларнинг рўпарасида туриб башорат қилаётган эди.

11Ханано ўғли Зидқиё темир шохлар ясаб, деди:

11— Эгамиз: “Орам лашкарини қириб битирмагунингча, шу шохлар билан сузаверасан”, деб айтмоқда.

12Бошқа пайғамбарлар ҳам шоҳга: — Рамўтга бораверсинлар, албатта ғалаба қиладилар, Эгамиз ўша шаҳарни шоҳимизнинг қўлларига беради, — деб башорат қилдилар.

13Мулозим Михиёни чақириш учун кетди. У Михиёнинг олдига келиб, унга деди: — Қара, ҳозир ҳамма пайғамбарлар бир оғиздан шоҳга яхшиликдан башорат қиляптилар. Сенинг башоратинг ҳам уларникидай бўлсин. Сен ҳам яхшиликдан каромат қил.

14— Худо ҳақи! Эгамиз менга нимани аён қилса, шуни айтаман, — деди Михиё.

15Михиё шоҳ ҳузурига келди. — Эй, Михиё, мен Рамўтни қайтариб олиш учун жанг қилмоқчиман. Шунинг учун Гиладдаги Рамўтга борайми ёки бормайми? — дея сўради шоҳ ундан. — Бораверсинлар, албатта ғолиб келадилар, — деди Михиё. — Эгамиз ўша шаҳарни шоҳ ҳазратларининг қўлига беради.

16— Фақат ҳақиқатни айтишинг учун, Эгамиз номини ўртага қўйиб сенга неча марта онт ичдирайин? — деб шоҳ ундан яна сўради.

17— Исроил халқини кўриб турибман, улар тоғлар устида ёйилиб юрган чўпонсиз қўйларга ўхшайди, — деди Михиё. — Эгамиз: “Уларнинг хўжайини йўқ, ҳар бири ўз уйига тинч–омон қайтиб кетсин”, деди.

18— У мен ҳақимда башорат қилганда хайрли гап айтмайди, балки хунук хабар айтади, деб сенга айтмаганмидим?! — деб хафалигини изҳор қилди Ахаб Ёҳушафатга.

19— Ундай бўлса, Эгамизнинг сўзларини эшитсинлар, — деди Михиё Ахабга. — Мен Эгамизни Ўзининг тахтида ўтирган ҳолатда кўрдим. Жамики самовий мавжудотлар Унинг ўнг ва чап томонидан жой олган экан.

20Эгамиз улардан сўради: “Ахаб Гиладдаги Рамўт шаҳрига бориб, ўша ерда ҳалок бўлсин, дея ким уни ўзига оғдира олади?” Бири ундай деди, бошқаси бундай деди.

21Бир пайт руҳлардан биттаси Эгамизнинг рўпарасида пайдо бўлди ва: “Уни мен кўндираман”, деди.

22“Қандай қилиб кўндирасан?” сўради Эгамиз. “Мен чиқиб, ҳамма пайғамбарларнинг оғзида ёлғончи руҳга айланаман”, деди у. “Сен уни кўндир, бор, айтганингдай қил, сен уддасидан чиқасан”, деди Эгамиз.

23Мана кўрдингизми, Эгамиз ҳамма пайғамбарларингизнинг оғзига ёлғончи руҳ солиб қўйган. У бошингизга фалокат келтиришни қарор қилган.

24Шу пайт Ханано ўғли Зидқиё Михиёнинг олдига келиб, унинг юзига бир шапалоқ урди: — Наҳотки, Эгамизнинг Руҳи мени тарк этиб, сен билан гаплашгани кетган бўлса?! Айт–чи, у қайси йўлдан кетди? — сўради Зидқиё.

25— Қараб тур, сичқоннинг ини минг танга бўлиб, яширингани ичкари хонага югурганингда кўрасан, — деди Михиё Зидқиёга.

26— Михиёни ушланглар! — буюрди Исроил шоҳи. — Уни шаҳар ҳокими Омоннинг ва шахзода Йўшнинг ҳузурига олиб боринглар.

27Уларга менинг амримни етказинглар. Улар Михиёни зиндонга ташлашсин. Мен соғ–саломат қайтиб келгунимча, оз–моз нон–сув бериб турсин, холос.

28— Эй, халойиқ! Ҳаммангиз эшитиб қўйинг! Агар шоҳ ҳазратлари соғ–саломат қайтиб келсалар, Эгамиз мен орқали гапирмаган бўлади, — деди Михиё.

29Исроил шоҳи Ахаб билан Яҳудо шоҳи Ёҳушафат Гиладдаги Рамўт шаҳрига кетишди.

30— Мен қиёфамни ўзгартириб, жангга кираман, сен эса шоҳлик либосларингни кийиб ол, — деди Ахаб Ёҳушафатга. Ахаб қиёфасини ўзгартириб, жангга кирди.

31Орам шоҳи ўттиз иккита жанг аравалари қўмондонига: “Каттаси билан ҳам, кичиги билан ҳам жанг қилиб ўтирманглар, асосий ҳужумни Исроил шоҳининг ўзига қаратинглар”, деб амр берган эди.

32Жанг аравалари қўмондонлари Ёҳушафатни кўргач: “Исроил шоҳи ана шу!” деб ўйлаб унга ҳужум бошладилар. Лекин Ёҳушафат жангга даъват қилиб бақирганда,

33араваларнинг қўмондонлари билдиларки, у Исроил шоҳи эмас экан. Қўмондонлар орқага қайтдилар.

34Бир одам бехосдан ёйини тортиб қўйиб юборган эди, ўқ тўппа–тўғри Исроил шоҳига келиб тегди. Шоҳнинг устидаги совути уланган жойдан ўқ кириб кетган экан. Шоҳ оғир жароҳатланди.

34— Отни орқага бур, мен жароҳатландим, лашкарлар орасидан олиб чиқиб кет! — деди шоҳ извошчисига.

35Ўша куни ғоятда шиддатли жанг бўлди. Шоҳ эса араваси устида суяниб Орам лашкарларини кузатиб турди. Ўқ теккан жойдан араванинг ичига қон оқарди. Кечга томон бориб шоҳ қазо қилди.

36Кунботар пайтида лашкар орасида: “Ҳар ким ўз шаҳрига, ўз юртига кетаверсин!” деган овоза тарқалди.

37Шоҳнинг жасадини Самарияга олиб келиб, ўша ерда дафн қилдилар.

38Аравани эса Самариядаги ҳовузда ювдилар. Фоҳишалар ҳам шу ерда ювинишарди. Эгамизнинг айтгани [2] бўлди: кўппаклар унинг қонини ялади.

39Ахабнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти, фил суягидан қурган саройи, ҳамма мустаҳкам қилган шаҳарлари ҳақида “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.

40Ахаб оламдан ўтди. Унинг ўрнига ўғли Охазиё шоҳ бўлди.

41Исроил шоҳи Ахаб шоҳлик қилаётганига тўрт йил бўлганда, Ёҳушафат Яҳудога шоҳ бўлган эди. Ёҳушафат Осонинг ўғли эди.

42Ўшанда Ёҳушафат ўттиз беш ёшда эди. У Қуддусда йигирма беш йил шоҳлик қилди. Онаси Озибах Шилхининг қизи эди.

43Ёҳушафат отаси Осонинг йўлидан юрди. Йўлдан озмай, Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди. Лекин саждагоҳларни йўқ қилиб ташламади. Халқ ҳамон ўша жойларда қурбонлик қилиб, тутатқи тутатарди.

44Ёҳушафат Исроил шоҳи билан сулҳ тузди.

45Ёҳушафатнинг бошқа ишлари, кўрсатган қаҳрамонликлари, қандай жанг қилгани “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.

46Отаси Осо давридан қолган–қутган саждагоҳлардаги фаҳшбозларни [3] Ёҳушафат юртдан қувиб чиқарди.

47Бу пайтда Эдомда шоҳ йўқ, шоҳнинг ноиби юртни бошқарарди.

48Ёҳушафат: “Офирдан олтин олиб келаман”, деб денгизда савдо кемалари ясади, лекин Эзйўн–Геберга [4] борганда, кемалар парчаланиб, Офирга ета олмади.

49Ўшанда Исроил шоҳи Охазиё Ёҳушафатга: “Менинг одамларим сенинг одамларинг билан бирга кемада кетсин”, деган, лекин у рози бўлмаган эди.

50Ёҳушафат оламдан ўтди. У ҳам бобоси Довуд қалъасида ота–боболари ёнига дафн қилинди, унинг ўрнига ўғли Ёҳурам шоҳ бўлди.

51Ёҳушафат Яҳудода шоҳлик қилаётганига ўн етти йил бўлганда, Охазиё Исроилга шоҳ бўлди. Охазиё Ахабнинг ўғли эди. У Самарияда истиқомат қиларди. У икки йил Исроил шоҳи бўлди.

52Охазиё Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилди. Ота–онасининг йўлидан, Исроилни гуноҳга ботирган Набат ўғли Ерибомнинг йўлидан кетди.

53Охазиё Баалга хизмат қилиб, унга топинди. Исроил халқининг Худоси — Эгамиз унинг қилмишларидан қаттиқ ғазабланди. Бинобарин, отаси ҳам Эгамизнинг қаҳрини келтирган эди.

le>