3 Шоҳлар 9:1-28 UZV2013 - Bible AI

1Сулаймон Эгамизнинг уйини ҳам, ўзининг саройини ҳам қуриб бўлди. Мўлжалланган ҳамма юмушларни тамом қилди.

2Шундан кейин Эгамиз Сулаймонга, илгари Гивонда зоҳир бўлганидай [1], яна зоҳир бўлди.

3Эгамиз унга шу сўзларини аён қилди:

3— Менга қилган илтижоларингни эшитдим. Сен қурган ва Ўзим улуғланадиган уйни муқаддас қилдим. Кўзларим, кўнглим доимо ўша ерда бўлади.

4Сен ҳам Менинг олдимда, отанг Довуд каби, софдиллик билан ва тўғри бўлиб юрсанг, Мен амр этган ҳамма фармонларимни ижро этсанг, қонун–қоидаларимни маҳкам тутсанг,

5Исроил устидан шоҳлик тахтингни абадий мустаҳкам қиламан. Отанг Довудга ҳам: “Сенинг наслингдан бўлган эркак зоти то абад Исроил тахтида ўтиради”, деб ваъда берган эдим [2].

6Сен ҳам, сенинг наслинг ҳам Мен кўрсатган йўлдан қайтсангиз, сизларга берган амр ва фармонларимга риоя қилмасангиз, бориб бошқа худоларга хизмат қилсангизлар, топинсангизлар,

7Исроилни Ўзим берган юртдан улоқтириб ташлайман. Мен муқаддас қилган, Ўзим улуғланадиган уйни тарк этаман. Ана ўшанда Исроил халқи ҳамманинг оғзида дув–дув гап бўлади, ҳамма халқлар уларни масхара қилади.

8Ҳозир ажойиб бўлиб турган уйнинг ёнидан ўтганлар бунинг аянчли аҳволини кўрганда, даҳшатга тушиб: “Нимага уларнинг Эгаси бу юртни ва бу уйни мана шу аҳволга солди экан–а?” деб қотиб қолади.

9Сўнг яна ўзлари шундай хулоса чиқарадилар: “Э–ҳа, улар ота–боболарини Миср юртидан олиб чиққан, ўзларининг Эгаси Худодан юз ўгирдилар–ку! Бошқа худоларга эргашиб, ўша худоларга топиниб, хизмат этдилар–ку! Қилмишларига яраша ўзларининг Эгаси уларнинг бошига шу кўргиликларни солибди–да.”

10Сулаймон иккала уйни — Эгамизнинг уйини ва ўз саройини йигирма йилда битирган эди.

11Тир шоҳи Хирам Сулаймоннинг эҳтиёжига кўра, садр ёғочи, сарв ёғочи, олтин етказиб берган эди. Шоҳ Сулаймон Хирамга бу хизматлари учун Жалила ўлкасидаги йигирмата шаҳарни берди.

12Хирам: “Сулаймон берган шаҳарларни кўрай–чи”, деб Тирдан йўлга чиқди, лекин у шаҳарлар Хирамга маъқул келмади.

13— Дўстим, менга берган шаҳарларинг шуми бори–йўғи?! — деди Хирам Сулаймонга. Хирам ўша ерларга Кавул [3] деб ном берди ва бугунга қадар шу ном билан юритилади.

14Хирам эса шоҳ Сулаймонга 250 пуд [4] олтин юборган эди.

15Шоҳ Сулаймон мажбурлаб олган қаролларни чақиртириб, Эгамизнинг уйини, ўзининг саройини барпо эттирган эди. Шунингдек, Қуддуснинг шарқ томонидаги пастликни тўлдириб, мустаҳкам қилдирган [5] ва Қуддус деворини қурдирган эди. Хазор, Махидў ва Гезер шаҳарларини мустаҳкамлаган эди.

16Миср фиръавни Гезерга бостириб келиб, шаҳарни қўлга олган ва ўт қўйганди. Шу ерда истиқомат қилаётган Канъон аҳолисини қириб ташлаб, шаҳарни ўзининг қизи — Сулаймоннинг хотинига сеп қилиб берганди.

17Шундан сўнг Сулаймон Гезерни, Пастки Байт–Хўронни,

18Баалатни, Яҳудонинг чўлидаги Тамарни [6],

19ўзининг ҳамма омбор шаҳарларини, жанг аравалари сақланадиган шаҳарларни, отлиқлари турадиган шаҳарларини қайтадан тузатиб мустаҳкамлади. Бундан ташқари, Қуддусда, Лубнонда, шоҳликнинг ҳамма бурчакларида нима истаса, барпо қилди.

20Шу ўлкада қолиб кетган Амор, Париз, Хив, Хет ва Ёбус халқлари Исроил халқидан эмасди.

21Исроил халқи уларнинг бу юртда қолиб кетган авлодларини тамомила қириб битиролмаган эди [7]. Сулаймон ўша қолиб кетганларини қарол қилиб олди. Улар бугунгача [8] бор.

22Лекин Сулаймон Исроил халқидан бирортасини қул қилмади. Шоҳнинг сипоҳлари, аъёнлари, акобирлари [9], лашкарбошилари, жанг араваларининг қўмондонлари ва сувориларининг қўмондонлари Исроил халқидан эди.

23Сулаймоннинг ишбошилари 550 киши бўлиб, улар ишлаётган одамлар устидан назоратчи эдилар.

24Фиръавннинг қизи Довуд қалъасидан ўзига аталган саройга кўчиб ўтди. Бу саройни Сулаймон унга атаб барпо қилган эди. Шундан кейин Сулаймон Қуддуснинг шарқ томонидаги пастликни тўлдириб, мустаҳкам қилдирди [10].

25Сулаймон Эгамизга атаб қурган қурбонгоҳда йилига уч марта куйдириладиган қурбонликлар ва тинчлик қурбонликлари қилар, тутатқи тутатарди. Шундай қилиб, у Эгамизнинг уйини битказган эди.

26Шоҳ Сулаймон Эдом юртида, Қизил денгиз [11] бўйидаги Элет ёнида — Эзйўн–Гебер шаҳрида кемалар ясади.

27Хирам ўз тажрибали денгизчиларини Сулаймоннинг одамлари билан бирга кемаларда жўнатди.

28Улар Офирга [12] бориб, у ердан 900 пуд [13] олтин олиб, шоҳ Сулаймонга келтириб бердилар.

e>