4 Шоҳлар 10:1-36 UZV2013 - Bible AI

1Ахабнинг Самарияда етмишта ўғли бор эди. Ёҳу Самария ҳудудидаги Йизрил бекларига, оқсоқолларига ва Ахаб ўғилларининг мураббийларига шу мазмунда мактуб ёзиб юборди:

2“Шоҳингизнинг ўғиллари сизлар билан бирга турибдилар, жанг араваларингиз, отларингиз ва қурол–яроғларингиз ҳам бор, ўзларингиз мустаҳкам шаҳарда яшайсизлар. Ушбу мактуб сизларга етиб бориши биланоқ,

3ҳукмдорингиз ўғилларидан энг муносибини танлаб олиб, отасининг ўрнига тахтга ўтқазинглар ва ҳукмдорингизнинг хонадонини ҳимоя қилиш учун мен билан жанг қилишга тайёрланинглар.”

4Аммо Самариядагилар жуда қўрқиб кетдилар: — Ёҳуга иккита шоҳ бардош беролмади–ю, биз қандай қилиб бардош берардик?! — дейишди улар.

5Шундан кейин бош вазир, шаҳар ҳокими, оқсоқоллар, Ахаб ўғилларининг мураббийлари Ёҳуга шундай хабар беришди: “Биз ҳеч кимни шоҳ қилмаймиз. Биз сизнинг қулларингизмиз, нима буюрсангиз, шуни ижро қилурмиз, сизга нима маъқул бўлса, шуни қилинг.”

6Ёҳу эса уларга иккинчи марта шу мазмунда мактуб ёзди: “Агар сизлар мен тарафда бўлиб, менга итоат этишга тайёр бўлсангизлар, ҳукмдорингиз ўғилларининг бошларини олиб, эртага шу пайтда Йизрилга менинг ҳузуримга келтиринглар.” Шоҳнинг етмишта ўғли бўлиб, уларни шаҳарнинг энг аслзодалари тарбия қилаётган эдилар.

7Мактуб аслзодаларнинг қўлига теккач, улар шоҳ ўғилларини ушлаб, ҳаммаларини — етмиш кишини бўғизладилар, уларнинг бошларини саватга солиб, Йизрилга — Ёҳунинг ҳузурига жўнатдилар.

8Хабарчи Ёҳуга: “Улар шоҳ ўғилларининг бошларини олиб келдилар”, деди. Ёҳу: “Каллаларни дарвоза олдига икки тўп қилиб тахланглар, эрталабгача ўша ерда қолсин”, деди.

9Эртасига эрталаб Ёҳу халқнинг олдига чиқиб гапирди: — Ўз ҳукмдоримга қарши мен исён кўтариб, уни ўлдирдим. Сизлар айбдор эмассизлар. Лекин мана бу одамларни ким ўлдирди?

10Шуни билиб қўйингларки, Эгамизнинг Ахаб хонадони тўғрисида айтган биронта сўзи ижросиз қолмайди. Эгамиз Ўз қули Илёс орқали айтган сўзини бажо қилди [1].

11Сўнгра Ёҳу Йизрилда Ахаб хонадонининг қолган–қутганини, унинг ҳамма аъёнларини, яқинларини, руҳонийларини ўлдирди. Шундай қилиб, Ахабнинг биронта ҳам одами тирик қолмади.

12Шундан кейин Ёҳу Йизрилдан Самария томон йўлга чиқди. У йўлда чўпонларга қарашли Байт–Акад деган жойда

13Яҳудо шоҳи Охазиёнинг қариндошлари билан учрашиб қолди ва улардан: “Сизлар кимсизлар?” деб сўради.

13— Биз Охазиёнинг қариндошларимиз, — дейишди улар. — Шоҳнинг оиласидан ва малика Изабелнинг ўғилларидан хабар олгани кетяпмиз.

14— Буларни тириклайин ушланглар! — деб буюрди Ёҳу одамларига. Уларни тириклайин ушлаб ҳаммаларини — қирқ иккита одамни Байт–Акад сардобаси ёнида бўғизладилар. Улардан бирортасини ҳам тирик қолдирмадилар.

15Ёҳу у ердан жўнаб кетди. Йўлда ўзига томон тўғри келаётган Ёҳунадов деган одам билан учрашиб қолди. У Рахав деган одамнинг ўғли эди. Ёҳу у билан саломлашиб: — Сенга менинг ниятим холис, сенинг ниятинг ҳам холисми? — деб сўради. — Шундай, — деб жавоб берди Ёҳунадов. — Ундай бўлса, қўлингни бер, — деди Ёҳу. Ёҳунадов қўлини узатди. Ёҳу уни ёнига — аравасига олди.

16— Мен билан юр, мен Эгамиз учун қанчалик жон куйдиришимни кўриб қўй, — деди Ёҳу унга. Сўнгра уни аравасида Самарияга олиб кетди.

17Ёҳу Самарияга етиб келгач, Эгамиз Илёс орқали айтганидай, Ахабнинг у ердаги қолган–қутган қариндошларини битта қўймай ўлдирди.

18Ёҳу жамики халқни тўплаб, уларга айтди: — Ахаб Баалга унчалик сиғинмас эди, мен эса Баалга чин дилдан сиғинаман.

19Энди менинг олдимга Баалнинг ҳамма пайғамбарларини чақириб келинглар, ҳеч ким келмай қолмасин, чунки мен Баалга жуда катта қурбонлик қиламан, келмаганлар ўлдирилади.

19Аслида Ёҳу Баалга сиғинганларни ўлдириш мақсадида бир ҳийла ўйлаётган эди.

20— Баалга бағишланган байрам йиғини бўлишини тайинланглар, — деди Ёҳу. Бу тўғрида эълон қилдилар.

21Ёҳу бутун Исроил бўйлаб хабар жўнатган эди, Баалга сажда қилувчиларнинг ҳаммаси келди, биронтаси ҳам келмай қолмади. Ҳамма Баалнинг уйига [2] кирди. Баалнинг уйи лиқ тўлди.

22Ёҳу муқаддас либосларни сақловчи хизматкорга: Хизматкор ҳар бирига либос келтирди.

22— Баалга сиғинадиганларнинг ҳаммасига либослар келтир, — деб амр берди.

23Шу пайт Ёҳу Ёҳунадов билан бирга Баалнинг уйига кирди–да, сажда қилувчиларга:

23— Атрофингизга яхшилаб қаранг, — деди. — Орангизда Эгамизга хизмат қиладиганлардан ҳеч ким бўлмасин, бу ерда фақат Баалга сажда қилувчилар бўлсин.

24Шундан кейин Ёҳу билан Ёҳунадов куйдириладиган ва бошқа қурбонликлар қилгани ичкарига кирдилар. Ёҳу Баалнинг уйи атрофига саксон кишини қўйиб, уларга шундай амр берган эди: “Қўлингизга мана бу одамларни топширяпман. Булардан бирортаси қочиб жонини қутқариб кетишига кимки йўл қўйса, боши билан жавоб беради.”

25Қурбонлик куйдириб бўлиниши биланоқ, Ёҳу қўриқчиларга ва лашкарбошиларга: “Ичкарига кириб, ҳаммани ўлдиринглар, бирортаси ҳам қочиб кетмасин!” — деб буйруқ берди. Қўриқчилар ва лашкарбошилар ҳаммасини қилич дамидан ўтказиб, жасадларини ташқарига отдилар. Сўнгра Баалнинг уйидаги ичкари хонага кириб,

26у ердаги бутсимон устунларни ташқарига олиб чиқиб ёқиб юбордилар.

27Баалга аталган тошни синдирдилар, уйини вайрон қилдилар. Халқ бу жойни ҳожатхонага айлантирди. Ўша жой бугунгача [3] ҳожатхона бўлиб қолди.

28Шундай қилиб, Ёҳу Исроил ерида Баалга сажда қилишга барҳам берди.

29Бироқ Ёҳу Исроил халқини гуноҳга ботирган Набат ўғли Ерибом қилган гуноҳларга эргашди, яъни Байтил ва Дандаги олтин бузоқларга сажда қилишдан [4] Ёҳу қайтмади.

30Эгамиз Ёҳуга: — Менинг олдимда тўғри иш қилиб муваффақият қозондинг, — деди. — Ахаб хонадонига қарши Мен нима истаган бўлсам, ҳаммасини қилдинг. Бунинг учун сенинг наслинг тўртинчи авлодигача Исроил тахтида ўтиради.

31Аммо Ёҳу Исроил халқининг Худоси — Эгамизнинг қонунларига бутун қалби билан итоат қилмади, Исроил халқини гуноҳга ботирган Ерибом қилган гуноҳларга эргашди.

32[32-33] Ўша пайтда Эгамиз Исроил ерларини парчалаб, кичрайтира бошлади. Орам шоҳи Хазайил Иордан дарёсининг шарқида Гад, Рубен, Манаше қабилалари яшайдиган бутун Гилад ерларини, Арнон сойлигидаги Арор шаҳридан Гилад ва Башан ўлкаларига қадар бўлган жамики Исроил ерларини босиб олди.

34Ёҳунинг бошқа ишлари, бутун фаолияти ва қаҳрамонликлари ҳақида “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.

35Ёҳу оламдан ўтди. У Самарияда ота–боболари ёнига дафн этилди. Ёҳунинг ўрнига ўғли Ёҳухоз шоҳ бўлди.

36Ёҳу Самарияда йигирма саккиз йил Исроилга ҳукмдорлик қилди.

le>