4 Шоҳлар 12:1-21 UZV2013 - Bible AI

1Исроил шоҳи Ёҳу еттинчи йил шоҳлик қилаётганда, Йўш [1]Яҳудо шоҳи бўлган эди. У Қуддусда қирқ йил ҳукмронлик қилди. Онаси Бэршэва шаҳридан бўлиб, исми Зибиёх эди.

2Йўш умри бўйи Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди, чунки руҳоний Ёҳайидо унга йўл кўрсатарди.

3Лекин саждагоҳлар [2] ҳамон йўқ қилинмаган, халқ ҳали ҳам ўша жойларда қурбонлик қилиб, тутатқи тутатарди.

4Йўш руҳонийларга фармон берди: Эгамизнинг Маъбадига эҳсон сифатида олиб келинган кумушни, доимий солиқни, онт туфайли берилган тўловни ёки ихтиёрий берилган ҳадяларни тўпланглар.

5Бу кумушларни руҳонийлар олиб келувчилардан қабул қилиб олиб, Эгамиз уйининг бузилган жойларини тузатишга сарфлашсин.

6Йўш шоҳлигининг йигирма учинчи йилида ҳам руҳонийлар Эгамиз уйининг бузилган жойларини ҳали тузатмаган эдилар.

7Шундан кейин шоҳ Йўш руҳоний Ёҳайидо билан бошқа руҳонийларни чақириб:

7— Нимага Эгамизнинг уйини тузатмаяпсизлар? — деди уларга, — энди одамлардан кумуш олманглар. Олган кумушларингизни Эгамизнинг уйини тузатишга беринглар.

8Руҳонийлар халқдан ўзлари пул йиғмасликка ва Эгамизнинг уйи таъмирланишини назорат қилмасликка рози бўлишди.

9Руҳоний Ёҳайидо бир қути олиб, қопқоғи устидан тешик очди. Уни қурбонгоҳнинг ёнига — одамлар Эгамизнинг уйига кирадиган жойнинг ўнг томонига жойлаштирди. Остонада қоровул бўлиб турган руҳонийлар Эгамизнинг уйига келтирилган ҳамма кумушни қутига ташлайверишди.

10Қутида кўп пул йиғилганидан кейин, шоҳнинг мирзаси билан олий руҳоний келиб, Эгамизнинг уйига келтирилган кумушларни қопларга солиб тортишди.

11Тортилган кумушлар Эгамизнинг уйидаги ишларнинг бошида турган одамларга берилди. Улар эса бу кумушларни Эгамизнинг уйида ишлаётган дурадгор ва бинокорларга,

12тош терувчиларга, сангтарошларга тўлашар, уйни тузатмоқ учун ёғоч ва тош сотиб олишга ишлатишар, уйни тузатишга керак бўлган бошқа ашёларга сарф қилишарди.

13Эгамизнинг уйида йиғилган кумуш бу жой учун кумуш тоғоралар, қайчилар, тоғорачалар ва карнайлар, ҳар хил олтин ёки кумуш буюмлар ясашга сарф қилинмади.

14Бу кумушнинг ҳаммаси ишловчиларга тўлашга ва уйни тузатишга сарф қилинди.

15Эгамизнинг уйида ишловчиларга пул тақсимлайдиган одамлардан ҳисоб–китоб талаб қилинмади, чунки улар ҳалол ишлашди.

16Айб ва гуноҳ назр қилиб берилган пуллар эса Эгамизнинг уйига келтирилмади. Бу пуллар руҳонийларники эди.

17Ўша пайтда Орам шоҳи Хазайил Гат шаҳрига [3] ҳужум қилиб, шаҳарни қўлга киритди. Кейин Қуддусга ҳужум қилмоққа қарор қилди.

18Яҳудо шоҳи Йўш эса ота–боболари — Яҳудо шоҳлари Ёҳушафатнинг, Ёҳурамнинг, Охазиёнинг ва ўзининг Эгамизга атаган ҳамма муқаддас назрларини, Эгамизнинг уйидан ва сарой хазиналаридан олинган жамики олтинларни Орам шоҳи Хазайилга юборди. Шундан кейин Хазайил Қуддусга ҳужум қилиш қароридан қайтди.

19Йўшнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.

20Шоҳ Йўшнинг аъёнлари исён кўтариб, уни Силлога борадиган йўлда — Миллодаги [4] уйда ўлдирдилар.

21Уни ўлдирганлар Йўшнинг аъёнларидан Шимат деган одамнинг ўғли Йўзабад билан Шўмер деганнинг ўғли Ёҳузабад эдилар. Йўш Довуд қалъасида ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Эмозиё шоҳ бўлди.

le>