4 Шоҳлар 15:1-38 UZV2013 - Bible AI

1Ёрубом Исроилда ҳукмронлик қилаётганига йигирма етти йил бўлганда, Уззиё [1]Яҳудо шоҳи бўлди. Уззиё Эмозиёнинг ўғли эди.

2Уззиё шоҳ бўлганда, ўн олти ёшда эди. У Қуддусда эллик икки йил ҳукмдорлик қилди. Онаси Қуддуслик бўлиб, исми Ёхолиё эди.

3Уззиё ҳам, отаси Эмозиё каби, Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди.

4Лекин саждагоҳлар [2] ҳамон йўқ қилинмаган, халқ ўша жойларда ҳали ҳам қурбонликлар келтириб, тутатқи тутатарди.

5Эгамиз Уззиёни жазолаб, тери касаллигига [3] йўлиқтирди. Умрининг охиригача бир уйда ёлғиз яшади. Юрт халқини ҳам, шоҳ саройини ҳам ўғли Йўтом бошқарарди.

6Уззиёнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.

7Уззиё оламдан ўтиб, Довуд қалъасида ота–боболари ёнига дафн қилинди. Ўрнига ўғли Йўтом шоҳ бўлди.

8Уззиё Яҳудода шоҳлик қилаётганига ўттиз саккиз йил бўлганда, Закариё Самарияда Исроил шоҳи бўлди ва олти ой ҳукмронлик қилди. Закариё Ёрубомнинг ўғли эди.

9У ҳам, оталари каби, Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилиб, Исроилни гуноҳга ботирган Набат ўғли Ерибом қилган гуноҳларга эргашди.

10Шаллун деган одам Закариёга қарши фитна уюштирди. Шаллун Ёбош деганнинг ўғли эди. Ҳамманинг олдида Закариёни ўлдириб, ўрнига ўзи шоҳ бўлди.

11Закариёнинг бошқа ишлари “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.

12Шундай қилиб, Эгамизнинг Ёҳуга: “Сенинг наслинг тўртинчи авлодигача Исроил тахтида ўтиради”, деб айтган ваъдаси амалга ошди [4].

13Уззиё Яҳудода шоҳлик қилаётганига ўттиз тўққиз йил бўлганда, Шаллун Исроил шоҳи бўлди ва Самарияда бир ой ҳукмронлик қилди.

14Манахим деган одам Тирзадан [5] Самарияга келиб, Шаллунга суиқасд уюштирди. Манахим Гади деганнинг ўғли эди. Манахим Шаллунни ўлдириб, ўрнига ўзи шоҳ бўлди.

15Шаллуннинг бошқа ишлари ва у қилган фитна ҳақида “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.

16Ўшанда Тифсах аҳолиси таслим бўлмагани учун, Манахим Тирзадан тортиб Тифсах шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқларни қирди. Ҳатто ҳомиладор аёлларнинг қоринларини ёриб ташлади.

17Уззиё Яҳудода шоҳлик қилаётганига ўттиз тўққиз йил бўлганда, Манахим Исроил шоҳи бўлган ва Самарияда ўн йил ҳукмдорлик қилган эди.

18У Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилиб, Исроилни гуноҳга ботирган Набат ўғли Ерибом қилган гуноҳларга умри бўйи эргашди.

19Шундан кейин Оссурия шоҳи Тиғлатпиласар [6] Исроил ерларига ҳужум қилди. “Тиғлатпиласар мени қўллаб–қувватласин, ўзим шоҳ бўлиб қолай”, деган мақсадда Манахим унга 2140 пуд [7] кумуш берди.

20Манахим Исроилдаги ҳамма бойларни одам бошига эллик кумуш тангадан [8] тўлашга мажбур қилиб, Оссурия шоҳига берилган кумушнинг ўрнини қоплади. Шундан сўнг Оссурия шоҳи Исроил ерларидан чиқиб, юртига қайтиб кетди.

21Манахимнинг бошқа ишлари, унинг бутун фаолияти “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.

22Манахим оламдан ўтгач, ўрнига ўғли Пакахиё шоҳ бўлди.

23Уззиё Яҳудода шоҳлик қилаётганига эллик йил бўлганда, Пакахиё Самарияда Исроил шоҳи бўлди ва икки йил ҳукмронлик қилди. Пакахиё Манахимнинг ўғли эди.

24Пакахиё Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилиб, Исроилни гуноҳга ботирган Набат ўғли Ерибом қилган гуноҳларга эргашди.

25Пеках деган лашкарбоши Пакахиёга қарши фитна уюштирди. Пеках Рамалиё деган одамнинг ўғли эди. Пеках ёнига Гиладлик элликта одамни олиб, Самариядаги шоҳ саройининг қалъасида Пакахиёни, Аргоб ва Орейни ўлдирди. Унинг ўрнига Пекахнинг ўзи шоҳ бўлди.

26Пакахиёнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.

27Уззиё Яҳудода шоҳлик қилаётганига эллик икки йил бўлганда, Пеках Самарияда Исроил шоҳи бўлди ва йигирма йил ҳукмронлик қилди.

28У Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилиб, Исроилни гуноҳга ботирган Набат ўғли Ерибом қилган гуноҳларга эргашди.

29Исроил шоҳи Пеках даврида Оссурия шоҳи Тиғлатпиласар бостириб келиб, Исроилнинг Ийхон, Овил–Байт–Махо, Ёнох, Кедеш, Хазор шаҳарлари билан бирга Гилад, Жалила ва бутун Нафтали ҳудудларини қўлга киритди ҳамда бу ерлардаги халқни Оссурияга асир қилиб олиб кетди.

30Яҳудо шоҳи Йўтом ҳукмронлигининг йигирманчи йилида Хўшея Пекахга фитна уюштириб, уни ўлдирди ва ўрнига ўзи шоҳ бўлди. Хўшея Элох деганнинг ўғли эди.

31Пекахнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.

32Исроил шоҳи Пеках ҳукмронлик қилаётганига икки йил бўлганда, Йўтом Яҳудо шоҳи бўлди. Йўтом Уззиёнинг ўғли эди.

33Йўтом йигирма беш ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда ўн олти йил ҳукмдорлик қилди. Онасининг исми Еруша бўлиб, у Зодўхнинг қизи эди.

34Йўтом, отаси Уззиё каби, Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди.

35Аммо саждагоҳлар ҳамон йўқ қилинмаган, халқ ўша саждагоҳларда қурбонликлар келтириб, тутатқи тутатарди. Йўтом Эгамиз уйининг ҳовлисида Юқори Дарвозани қурди.

36Йўтомнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти ҳақида “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.

37Ўша кунларда Орам шоҳи Ратан билан Исроил шоҳи Пеках Яҳудога ҳужум қилишларига Эгамиз йўл қўйиб берди.

38Йўтом оламдан ўтиб, бобоси Довуд қалъасида ота–боболари ёнига дафн қилинди. Ўрнига ўғли Охоз шоҳ бўлди.

le>