4 Шоҳлар 17:1-41 UZV2013 - Bible AI

1Яҳудо шоҳи Охоз ҳукмронлик қилаётганига ўн икки йил бўлганда, Хўшея Самарияда Исроил шоҳи бўлди ва тўққиз йил ҳукмдорлик қилди. Хўшея Элохнинг ўғли эди.

2У Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилган бўлса ҳам, ўзидан олдин ўтган Исроил шоҳлари қадар эмасди.

3Оссурия шоҳи Шалманасар [1] Хўшеяга қарши уруш очди. Хўшея таслим бўлиб, Шалманасарга ўлпон тўлай бошлади.

4Лекин кейинроқ Хўшея Миср фиръавни Сўвахдан ёрдам сўраб хабарчилар жўнатди ва Оссурия шоҳига ҳар йили тўлаши керак бўлган ўлпонни тўламай қўйди. Хўшеянинг хоинлик қилганини Оссурия шоҳи билиб қолди, шунинг учун уни тутиб, зиндонга ташлади.

5Шалманасар Исроил ерларига ҳужум қилиб, Самарияни уч йил қамал қилиб турди.

6Хўшея тўққизинчи йили шоҳлик қилаётганда, Оссурия шоҳи [2] Самарияни қўлга киритиб [3], Исроил халқини Оссурияга кўчирди. Уларни Халах шаҳрига, Хавор дарёси бўйидаги Гозан ҳудудига ва Мидия шаҳарларига жойлаштирди.

7Исроил халқи ўзларини Миср фиръавни ҳукмронлигидан халос қилиб, Мисрдан олиб чиққан Эгаси Худога қарши гуноҳ қилган эдилар. Уларнинг бошига келган жамики ғам–кулфатларнинг сабаби шу эди. Ўша пайтларда Исроил халқи бегона худоларга сажда қилишар,

8Канъон юртидан Эгамиз қувган қавмларнинг одатларига ва Исроил шоҳлари [4] ўзларича жорий қилган одатларга биноан яшардилар.

9Ўзларининг Эгаси Худога маъқул келмайдиган ишларни худди Худодан яширгандай хуфёна қилардилар. Ҳамма ерда — қишлоқлардан тортиб мустаҳкам шаҳаргача бўлган жойларда саждагоҳлар [5] қурган эдилар.

10Ҳар бир тепаликнинг устига, ҳар бир яшил дарахтнинг остига бутсимон тошларни, Ашерага атаб устунлар ўрнатган эдилар.

11Канъон юртидан Эгамиз қувиб юборган халқлар сингари, Исроил халқи ҳамма саждагоҳларда қурбонликлар қилишарди. Улар қабиҳ ишлари билан Эгамизни ғазаблантирардилар.

12Эгамиз: “Бундай ишларни қилманглар”, деб айтганига қарамасдан, бутларга хизмат қилаверардилар.

13Эгамиз Исроил ва Яҳудо халқини ҳамма пайғамбарлар, валийлар орқали огоҳлантириб, уларга шундай амр берган эди: “Қабиҳ йўлларингиздан қайтинглар. Менинг амрларимга, фармонларимга итоат этинглар! Мен ҳамма қонунларимни ота–боболарингизга берганман, қулларим — пайғамбарлар орқали сизларга юборганман.”

14Аммо Исроил халқи қулоқ солмасди. Оталари каби ўзларининг Эгаси Худога қарши исён қилиб, ўжарлик қилаверардилар.

15Эгамизнинг фармонларидан, огоҳлантиришларидан ва оталари билан қилган аҳдидан юз ўгириб, бетайин худоларга сажда қилгани учун ўзлари ҳам бетайин бўлиб қолгандилар. Эгамиз: “Атрофингиздаги халқларга ўхшаб яшаманглар”, деб уларга амр берса ҳам, ўша халқларнинг одатларига кўра яшайверардилар.

16Исроил халқи ўзларининг Эгаси Худонинг ҳамма амрларидан юз ўгиргандилар. Улар топингани иккита бузоқ тасвирини ва Ашеранинг устунини ясадилар. Барча самовий жисмларга сажда қилиб, Баалга хизмат этардилар.

17Ўғилларини, қизларини оловда куйдириб қурбонлик қилардилар [6], фол очтириб, таъбирчиларга эътиқод қилардилар. Эгамиз олдида қабиҳ ишларга муккасидан кетиб, Эгамизни ғазаблантиравердилар.

18Эгамиз Исроил халқидан қаттиқ ғазабланиб, уларни Ўзининг ҳузуридан чиқариб ташлаганди. Яҳудо халқидан ташқари биронта қабила Эгамизнинг ҳузурида қолмаган эди.

19Ҳатто Яҳудо халқи ҳам ўзларининг Эгаси Худонинг амрларига риоя қилмай қўйганди. Улар Исроил халқи жорий қилган қабиҳ йўлдан кетдилар.

20Оқибатда Эгамиз Исроилнинг ҳамма қавмидан юз ўгирди. Уларни талончиларнинг қўлига бериб, жазолади. Охири, ҳаммасини ҳузуридан улоқтириб ташлади.

21Дарвоқе, Эгамиз Довуд хонадонидан Исроилни тортиб олгандан кейин [7], Исроил халқи Набат ўғли Ерибомни шоҳ қилган эди. Ерибом Исроил халқини Эгамизнинг йўлидан оздириб, оғир гуноҳга ботирди.

22Исроил халқи Ерибом қилган ҳамма гуноҳларга эргашди, бу гуноҳлардан қайтмади.

23Натижада Эгамиз пайғамбар қуллари орқали айтганидай, Исроил халқини Ўз ҳузуридан қувган ва Исроил халқи ўз юртларидан Оссурияга сургун қилинган эдилар. Улар ҳозиргача [8] ўша ерда яшайдилар.

24Бобилдан, Гўсах, Иввах ва Сефарвайим шаҳарларидан Оссурия шоҳи одамлар олиб келиб, Самария [9] шаҳарларида Исроил халқи ўрнига жойлаштирди. Улар Самарияни эгаллаб, Самария шаҳарларида истиқомат қила бошладилар.

25Улар бу жойларга дастлаб ўрнашганларида Эгамизга сажда қилмадилар. Шунинг учун Эгамиз Самария шаҳарларига арслонлар юборди. Арслонлар ўша халқлардан баъзи одамларни ўлдирди.

26Сўнгра Оссурия шоҳига қуйидагича хабар жўнатилди: “Сиз Самария шаҳарларига кўчириб келиб ўрнаштирган халқлар бу юртнинг худоси қонун–қоидаларини билмаяптилар. Шунинг учун ўша худо бу ерга арслонлар юборяпти, одамлар эса арслонларга ем бўляпти.”

27Шундан кейин Оссурия шоҳи қуйидагича фармон берди: “Самариядан кўчириб юборилган руҳонийлардан бирортасини ўша ерга қайтариб олиб боринглар. Руҳоний ўша юртга бориб яшасин ва Самариянинг худоси қонун–қоидаларини ўша ердаги халқларга ўргатсин.”

28Самариядан кўчириб юборилган руҳонийлардан бири қайтиб келиб, Байтилда истиқомат қила бошлади. У ўша ерда ўрнашган халқларга Эгамизга қандай сажда қилишни ўргатишга киришди.

29Лекин Самария шаҳарларига жойлашган ҳар бир халқ ўз худоларининг тасвирини ясайвердилар. Исроил халқи Самарияда яшаганда барпо қилган саждагоҳларга ўша худоларнинг тасвирини қўйдилар.

30Бобилликлар худо Сухўтванўтнинг, Хутликлар худо Наргалнинг, Хоматликлар худо Ошиманинг,

31Иввахликлар эса худо Нивхаз ва Тартоқнинг тасвирларини ясаб, ўша худоларга сажда қилдилар. Сефарвайимликлар ўзларининг худолари Одраммалек ва Анаммалекка болаларини куйдириб қурбонлик қилдилар.

32Улар ҳам Эгамизга сажда қилдилар, айни пайтда бегона худоларнинг саждагоҳларида хизмат қилиш учун ораларидан руҳонийлар ҳам сайлаб олдилар.

33Улар Эгамизга сажда қилиш билан бирга, ораларидан кўчиб келган халқларнинг одатларига мувофиқ ўзларининг худоларига ҳам хизмат қилавердилар.

34Ўша халқлар бугунгача эски одатлари бўйича яшаб келадилар: на Эгамиздан қўрқадилар, на Эгамиз Исроил отини берган одам — Ёқубнинг ўғилларига қилган фармонларга, қоидаларга, қонун ва амрларга итоат этадилар.

35Зотан, Эгамиз Ёқуб ўғиллари билан аҳд тузиб, шундай амр этган эди: “Бегона худоларга сажда қилманглар, таъзим қилманглар, у худоларга хизмат қилманглар, қурбонлик қилманглар.

36Фақат буюк қудрати ва ажойиботлари билан сизларни Мисрдан олиб чиққан Мен, Эгангизга сажда қилинглар. Менга таъзим қилиб, қурбонлик келтиринглар.

37Сизлар учун ёзган фармонларимни, қоидаларимни, қонунларимни ва амрларимни то абад ижро этинглар ва бегона худоларга сажда қилманглар.

38Сизлар билан тузган аҳдимни унутманглар, бегона худоларга сажда қилманглар.

39Фақат Мен, Эгангиз Худога сажда қилинглар. Шунда Мен сизларни ҳамма ғанимларингиз қўлидан халос қиламан.”

40Самарияга ўрнашган халқлар эса Эгамизнинг амрларига қулоқ солмасдан илгариги одатларига кўра яшайвердилар.

41Бу халқлар бир пайтнинг ўзида ҳам Эгамизга сажда қилар, ҳам ўйиб ишланган тасвирларга хизмат қилардилар. Уларнинг болалари ва набиралари ҳам бугунгача оталари каби яшайдилар.

le>