4 Шоҳлар 18:1-37 UZV2013 - Bible AI

1Исроил шоҳи Хўшея ҳукмронлик қилаётганига уч йил бўлганда, Ҳизқиё Яҳудо ҳукмдори бўлди. Ҳизқиё Охознинг ўғли эди.

2Ҳизқиё йигирма беш ёшда эди. У Қуддусда йигирма тўққиз йил шоҳлик қилди. Онасининг исми Абиё [1] бўлиб, Закариё деган одамнинг қизи эди.

3Ҳизқиё, бобоси Довуд каби, Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди.

4У саждагоҳларни [2] йўқотди, бутсимон тошларни парчалаб ташлади, Ашеранинг устунларини кесди. Мусо бронзадан ясаган Нахуштон номли илон тасвирини [3] ҳам синдирди. Чунки Исроил халқи ўша кунгача бронза илон тасвирига қурбонлик келтирарди.

5Ҳизқиё Исроил халқининг Худоси — Эгамизга ишонарди. Ҳизқиёгача ҳам, ундан кейин ҳам Яҳудо шоҳлари орасида унга ўхшагани бўлмади.

6Ҳизқиё Эгамизга ниҳоятда содиқ бўлиб, Унинг йўлларидан озмади. Эгамиз Мусога берган амрларни ижро этди.

7Эгамиз Ҳизқиё билан бўлди. Ҳизқиё нима иш қилмасин, Эгамиз уни баракали қилди. У Оссурия шоҳига итоат қилмай, унга қарши бош кўтарди.

8Ҳамма жойда — Ғазо ва унинг атрофларигача, қишлоқлардан тортиб мустаҳкам шаҳаргача бўлган жойларда Филистларни мағлуб қилди.

9Ҳизқиё шоҳлигининг тўртинчи йилида Оссурия шоҳи Шалманасар Самарияга ҳужум қилиб, қамал қилди. Бу пайтда Исроил шоҳи Хўшея еттинчи йил шоҳлик қилаётган эди.

10Қамалнинг учинчи йилида [4] Самария қулади. Ҳизқиё ҳукмронлигининг олтинчи йилида ва Исроил шоҳи Хўшея ҳукмронлигининг тўққизинчи йилида Шалманасар Самарияни олди.

11Оссурия шоҳи [5] Исроил халқини Оссурияга кўчириб, уларни Халах шаҳрига, Хавор дарёси бўйидаги Гозан ҳудудига ва Мидия шаҳарларига жойлаштирди.

12Улар ўзларининг Эгаси Худонинг амрига қулоқ солмаганлари учун, Унинг аҳдини бузганлари учун, Эгамизнинг қули Мусонинг ҳамма амрларига қулоқ солмай, ижро этмаганлари учун шу ҳодисалар юз берди.

13Ҳизқиё шоҳлигининг ўн тўртинчи йилида [6], Оссурия шоҳи Санхарив [7] Яҳудонинг ҳамма мустаҳкам шаҳарларига ҳужум қилиб, босиб олди.

14Яҳудо шоҳи Ҳизқиё Лахиш шаҳрида [8] турган Оссурия шоҳига шундай хабар юборди: “Мен айбдорман, менинг юртимдан кетинг, нимани талаб қилсангиз, рози бўламан.” Оссурия шоҳи Яҳудо шоҳи Ҳизқиёга 640 пуд [9] кумуш ва 64 пуд [10] олтинни ўлпон қилиб тўлашга мажбур қилди.

15Ҳизқиё ҳамма кумушни Эгамизнинг уйидан ва шоҳ саройининг хазиналаридан топиб, унга берди.

16Ҳизқиё яна Эгамизнинг уйи эшиклари билан эшик кесакилари [11] устига илгари ўзи қоплатган олтин қопламаларни ҳам чиқариб олиб, Оссурия шоҳига берди.

17Кейин Оссурия шоҳи ўзининг бош қўмондони, бош вазири ва мулозими бошчилигида катта лашкарни Лахишдан Қуддусга, шоҳ Ҳизқиёнинг устига сафарбар қилди. Лашкар Қуддусга бораётиб, Юқори Ҳовуз ариғи ёнида тўхтади. Бу ариқ кир ювувчининг даласига борадиган йўл ёнида эди.

18Улар шоҳ Ҳизқиёга хабарчи юборган эдилар, Хилқиё ўғли — бош вазир Элияқим, котиб Шавна ва Осиф ўғли — мушовир [12] Йўх Оссурияликларнинг ёнига бордилар.

19Мулозим уларга шундай деди:
“Улуғ Оссурия шоҳининг шу гапларини Ҳизқиёга етказинг: ‘Нимангга ишоняпсан ўзи?

20Ҳарбий маҳоратингдан ва куч–қудратингдан гапиряпсан, лекин булар қуруқ гаплар–ку. Кимингга ишониб менга итоат этмаяпсан?

21Ҳа, сен Мисрга ишоняпсан. Лекин Миср ёриқ қамишдан қилинган ҳассага ўхшайди–ку. Унга суянсанг, қўлингга санчилади. Миср фиръавни унга ишонганлар учун ўша ёриқ қамишдир.

22Балки менга: «Биз Эгамиз Худога ишонамиз», деб айтарсизлар. Ҳа, Ҳизқиё Яҳудо халқи ва Қуддусликларга: «Фақат Қуддусда, шу қурбонгоҳнинг олдида сажда қилинглар», деб айтган. Лекин у йўқ қилган саждагоҳлар [13] ва қурбонгоҳлар [14] Эгангизники эмасмиди?!’

23Келинглар, жаноби олийлари Оссурия шоҳи номидан сизлар билан гаров ўйнаймиз. Сизларга икки мингта от берсак, отларни мина оладиган одамлар топа оласизларми?!

24Мисрнинг жанг аравалари ва отлиқлари [15] ёрдами билан ҳам жаноби олийларининг энг заиф лашкарбошисини енга олармидиларинг?!

25Қолаверса, бизни Эгангизнинг хоҳишисиз бу ерни вайрон қилишга келган, деб ўйлаяпсизларми? Эгангизнинг Ўзи бизга: ‘Бу юртга бориб, у ерни вайрон қил’, деб амр берган–ку!”

26Элияқим, Шавна ва Йўх мулозимга айтдилар: — Бу қулларингга орамийча гапиравер, орамийчани [16] тушунамиз. Ибронийча гапирма. Девор устидагилар бизнинг гапимизни эшитиб қолади.

27Шунда мулозим: — Жаноби олийлари бу сўзларни фақат ҳукмдорингизга ва сизларга гапирсин, деб мени юборибдими?! — деб жавоб берди. — Девор устида тўпланган одамларга ҳам гапиряпман–да. Улар ҳам, сизлар каби, тезакларини еб, сийдикларини ичишга гирифтор қилинган.

28Сўнгра у тик туриб, баланд овоз билан ибронийча гапирди: “Улуғ Оссурия шоҳининг гапларини эшитинг!

29Шоҳ ҳазратлари шундай айтмоқда: ‘Ҳизқиё сизларни йўлдан урмасин. У сизларни менинг қўлимдан қутқара олмайди.

30Ҳизқиё: «Эгамиз бизни албатта қутқаради, бу шаҳар Оссурия шоҳи қўлига берилмайди», деб сизларни Эгангиздан умидвор қилмасин.’

31Ҳизқиёга итоат қилманглар. Чунки Оссурия шоҳи айтмоқда: ‘Мен билан сулҳ тузиб, менинг олдимга чиқинглар. Шунда ҳар ким ўз узумзори ҳосилидан ва анжир дарахти мевасидан тановул қилишига, ўз сардобасидан сув ичишига ижозат берилади.

32Сўнгра мен сизларни ўз ўлкангизга ўхшаган бир юртга олиб бораман. У жой буғдой, шароб, нон, узум, зайтун мойи ва асал юртидир. Ўлимни эмас, ҳаётни танланглар. «Эгамиз бизни қутқаради», деб сизларни алдамоқчи бўлган Ҳизқиёга қулоқ солманглар.

33Қайси халқнинг худоси ўз юртини Мен, Оссурия шоҳининг қўлидан қутқарибди?!

34Хомат билан Арпаднинг [17] худолари қани? Сефарвайим, Хана ва Иввахнинг [18] худолари қани? Улар Самарияни [19] менинг қўлимдан қутқара олмадилар–ку!

35Жамики халқларнинг худоларидан қайси бири ўз юртини менинг қўлимдан қутқарибдики, Эгангиз Қуддусни қутқара олса?!’”

36Халқ жим қолди, биронтаси ҳам жавоб бермади. Чунки шоҳ Ҳизқиё: “Унинг гапига жавоб қайтарманглар”, деб фармон берган эди.

37Шундан кейин бош вазир Элияқим, котиб Шавна ва мушовир Йўх қайғудан либосларини йиртиб, Ҳизқиёнинг олдига келдилар–да, Оссурия шоҳи мулозимининг гапларини Ҳизқиёга айтиб бердилар.

le>