9Улар нариги қирғоққа ўтиб олишгач, Илёс Элишайга айтди: — Мени ҳадемай Эгамиз олиб кетади. Айт, шу воқеа юз бермасдан олдин сен учун нима қилай? Шунда Элишай: — Илтимос, сизнинг пайғамбарлик руҳингиздан менга икки ҳисса кўп мерос қолсин [2], токи сизнинг издошингиз бўлай, — деди.
10— Қийин нарсани сўраяпсан, — деди Илёс. — Майли, агар мен ёнингдан кўтарилиб кетаётганимни кўра олсанг, истаганинг бажо бўлади. Агар кўра олмасанг, бажо бўлмайди.
11Улар йўлда суҳбатлашиб кетишаётган эди, бирдан олов отлар қўшилган олов арава пайдо бўлиб, уларнинг ўртасига елдек учиб келди. Илёс қуюн ичида осмонга чиқиб кетди. Шундай қилиб, икковлари бир–бирларидан айрилдилар.
12Элишай буни кўриб Илёсга хитоб қилди: Элишай Илёсни бошқа кўра олмагани учун, эгнидаги кийимини иккига бўлиб ташлади [3].
12— Отам! Отам! Сиз Исроилнинг қудратли ҳимоячиси эдингиз! Исроилнинг жанг араваси ва отлиқ лашкари каби эдингиз–а! Қаёққа кетиб қолдингиз–а!
13Илёснинг эгнидан чакмони тушиб қолган эди. Элишай ўша чакмонни олиб орқасига қайтиб, Иордан дарёси қирғоғига келди.
14Элишай Илёснинг чакмонини сувга уриб: “Эгам Илёсга қилганидай, мен учун ҳам мўъжиза кўрсатадими?” — деди. Элишай чакмонини яна сувга урган эди, дарё суви икки томонга сурилиб йўл очилди. Элишай ўша жойдан ўтиб кетди.
15Ерихолик пайғамбарлар гуруҳи олисдан Элишайни кўриб: — Элишайда Илёснинг руҳи бор, — деб Элишайга пешвоз чиқдилар. Уни кутиб олдилар, ер ўпиб унга таъзим қилдилар.
16— Биз, қулларингизнинг элликта бақувват одамларимиз бор, — дедилар. — Ижозат беринг, улар бориб, ҳазратингизни излашсин. Балки Эгамизнинг Руҳи уни бирор тоққа ёки водийга бошлаб кетгандир.
17Лекин пайғамбарлар гуруҳи илтимос қилавериб, охири уни кўндирдилар. Элишай: “Майли, юборинглар”, деди. Пайғамбарлар гуруҳи элликта одамни жўнатдилар. Одамлар уч кун қидириб, Илёсни топа олмаганларидан кейин,
18Элишайнинг ёнига қайтиб келдилар. Элишай бу пайтда Ерихода эди. Элишай уларга:
18— Сизларга, борманглар, деб айтмаганмидим?! — деди.
19Ўша шаҳарнинг аҳолиси Элишайга мурожаат қилди: — Ҳазратимиз кўриб турганларидай, шаҳар яхши ерга жойлашган, лекин суви яхши эмас, ери ҳам ҳосил бермайди.
20Шунда Элишай: — Менга янги косага туз солиб беринглар, — деди. Улар Элишайнинг айтганини бердилар.
21Элишай булоқ бошига чиқиб, тузни сувга ташлади–да, шундай деди:
21— Эгамиз шундай айтмоқда: “Мен бу сувни тоза қилдим, энди бу сув туфайли ҳечам ўлим, ҳосилсизлик бўлмайди.”
22Элишай айтганидек, сув тоза бўлди ва ҳозиргача [4] тозадир.
23Шундан кейин Элишай у ердан Байтилга йўл олди. У йўлда кетаётган эди, шаҳардан ёш болалар чиқиб: — Жўнаб қол, йўқол, кал! Жўнаб қол, кал! — деб уни масхара қилишди.
24Элишай орқасига қайрилиб, болаларга қаради ва уларни Эгамизнинг номи билан қарғади. Шу пайт ўрмондан иккита урғочи айиқ чиқиб, болалардан қирқ иккитасини бурда–бурда қилиб ташлади.
25Элишай бу ердан Кармил тоғига кетди, у ердан эса Самарияга қайтди.