4 Шоҳлар 20:1-21 UZV2013 - Bible AI

1Ўша кунлари Ҳизқиё қаттиқ касал бўлиб қолди. Ишаё пайғамбар унинг ҳузурига келиб, шундай деди: “Эгамиз шундай айтмоқда: ‘Тайёргарлигингни кўриб қўявер, тузалмайсан энди, ўласан.’”

2Ҳизқиё юзини деворга буриб, Эгамизга ёлворди:

3“Эй, Эгам! Чин қалбимдан Сенга содиқ бўлиб, йўлларингдан юрганимни ва олдингда тўғри ишлар қилганимни эсла.” Шундай деб аччиқ–аччиқ йиғлади.

4Ишаё саройнинг ичкари ҳовлисидан чиқиб улгурмаган ҳам эдики, Эгамиз унга қуйидаги сўзларини аён қилди:

5“Орқангга қайтиб бориб, халқимнинг ҳукмдори Ҳизқиёга шу хабарни етказ: ‘Бобонг Довуднинг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: «Илтижоларингни эшитдим, кўз ёшларингни кўрдим. Сенга соғлигингни қайтараман. Учинчи куни Менинг уйимга чиқасан.

6Умрингни яна ўн беш йилга узайтираман. Ўзингни ва бу шаҳарни Оссурия шоҳининг қўлидан халос қиламан. Ўзим учун ва қулим Довуднинг ҳақи–ҳурмати учун бу шаҳарни муҳофаза қиламан».’”

7Шундан кейин Ишаё: “Анжир шираси келтиринглар, ширани олиб келгач, яранинг устига қўйинглар, шунда Ҳизқиё соғаяди”, деди.

8Ҳизқиё Ишаёдан: — Эгамиз мени соғайтиргандан кейин, учинчи куни Эгамизнинг уйига чиқар эканман, бунинг аломатини нима исботлайди? — деб сўради.

9Ишаё шундай жавоб берди: — Эгамиз берган ваъдасини бажаришини исботлаб, сенга аломат кўрсатади. Соя Охознинг зинапоясидан [1] ўн қадам олдинга кетсинми ёки ўн қадам орқага сурилсинми?

10— Соя зинапоядан ўн қадам илгари кетмоғи одатдаги ҳолдир, шунинг учун ўн қадам орқага сурилсин, — деди Ҳизқиё.

11Пайғамбар Ишаё Эгамизга илтижо қилган эди, Эгамиз сояни Охознинг зинапоясидан ўн қадам орқага сурди.

12Ўша пайтда Ҳизқиёнинг хасталигини эшитган Бобил шоҳи Мардухбаладон [2], унга мактуб билан бирга ҳадялар ҳам жўнатди. Мардухбаладон Баладон деганнинг ўғли эди.

13Ҳизқиё элчиларни қабул қилди. Хазинасидаги бор нарса — омборлардаги ҳамма қимматбаҳо ашёларини, олтинни, кумушни, хушбўй ҳидли зираворларни ва мойларни, қурол–яроғ омборини, омборларидаги ҳамма нарсаларни уларга кўрсатди. Ҳизқиё саройидаги ва ўз ҳукмронлиги остидаги ерларда бор бўлган ҳамма нарсани элчиларга кўрсатди.

14Ишаё пайғамбар шоҳ Ҳизқиёнинг ҳузурига келиб: — Бу одамлар қаердан келибдилар? Сенга нима дедилар? — деб сўради. — Узоқ бир юртдан, Бобилдан келибдилар — деб жавоб берди Ҳизқиё.

15Улар саройингда нимани кўрдилар? — деб сўради Ишаё. — Саройимдаги ҳамма нарсани кўрдилар, — дея жавоб берди Ҳизқиё. — Хазиналаримда мен уларга кўрсатмаган ҳеч нарса қолмади.

16Шунда Ишаё айтди: — Энди Эгамизнинг сўзига қулоқ сол.

17Эгамиз айтмоқдаки: “Бир кун келиб, саройингдаги ҳамма нарса, ота–боболарингнинг бугунгача тўплаб қолдирганлари Бобилга ташиб кетилади. Ҳеч нарса қолмайди.

18Сенинг пушти–камарингдан бўлган ўғилларингдан баъзилари ҳам олиб кетилади, улар Бобил шоҳининг саройида бичилган қул бўлади.”

19Ҳизқиё Ишаёга: — Эгамиз сен орқали айтган сўзлар хосиятлидир, — деди–да, ичида: “Нима бўлгандаям, умрим охиригача тинч, хотиржам яшар эканман–ку”, деб ўйлади.

20Ҳизқиёнинг бошқа ишлари, қаҳрамонликлари, ҳовуз ва қувур [3] қазиб, қандай қилиб шаҳарга сув келтиргани тўғрисида “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.

21Ҳизқиё оламдан ўтгач, ўрнига ўғли Манаше шоҳ бўлди.

le>